🌍 ИНСОН ҚАСИДАСИ
Собит-у сайёрада
Инсон ўзинг, инсон ўзинг,
Мулки олам ичра бир
Хоқон ўзинг, султон ўзинг.
Собит ўз маъвосида,
Сайёр фазо дунёсида,
Коинот саҳросида
Карвон ўзинг, сарбон ўзинг.
Шамс – дил тафтингдадур,
Сайёралар кафтингдадур,
Кенг жаҳон забтингдадур,
Боғбон ўзинг, посбон ўзинг.
Бу ёруғ дунё надур?
Кошонадур, вайронадур,
Сенга меҳмонхонадур,
Меҳмон ўзинг, мезбон ўзинг.
Бунда оқ бирла қаро,
Зулмат, зиё, шоҳ-у гадо,
Жанг қилурлар доимо,
Ул ён ўзинг, бул ён ўзинг.
Сен бало, ҳам мубтало,
Хайр ила кин, рост-у риё,
Фитнагар олам аро
Фаттон ўзинг, қурбон ўзинг.
Гоҳ адолат боғида,
Пири адоват гоҳида,
Ўз дилинг даргоҳида
Шайтон ўзинг, ғилмон ўзинг.
Хормисан ё гулмисан,
Тождормисан ё қулмисан,
Чўғзмисан, булбулмисан,
Нодон ўзинг, хушхон ўзинг.
Бу ҳаёт ўрмон экан,
Жон борки, қасди жон экан,
Бунда қатл осон экан,
Сиртлон ўзинг, жайрон ўзинг.
Бу ҳаёт уммон экан,
Уммон абад гардон экан,
Қатрадек сарсон экан,
Сарсон ўзинг, гардон ўзинг.
Машъали фикрат – сенинг,
Ҳам чангали ваҳшат сенинг,
Ғайрат-у ғафлат сенинг,
Жавлон ўзинг, урён ўзинг.
Қилдинг-у ойда хиром,
Ҳам ерда қон тўкдинг ҳаром,
Ушбу ҳолингдан мудом
Хандон ўзинг, гирён ўзинг.
Миндинг илм нарвонига,
Чиқдинг фунун осмонига,
Бу жаҳон айвонига
Аркон ўзинг, вайрон ўзинг.
Заррани ижод этиб,
Даҳшат бало бунёд этиб,
Оқибатни ёд этиб,
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг.
Боғи арз обод эрур,
Сендин агар имдод эрур,
Йўқса у барбод эрур,
Тўфон ўзинг, тўғон ўзинг.
Сен ҳилол, юлдуз, салиб,
Таврот, Забурдин юксалиб,
Боймисан ёки ғариб,
Комрон ўзинг, яксон ўзинг.
Ким фаранги, ким ҳабаш,
Ирқ, қон талаш, имон талаш,
Шулми инсондек яшаш,
Армон ўзинг, афғон ўзинг.
Мамлакатга мамлакат,
Миллатга миллат бўлса қасд,
Қилғучи сўнг оқибат
Армон ўзинг, афғон ўзинг.
Онаизоринг – замин,
Танҳо йўғ-у боринг – замин,
Хаста беморинг – замин,
Ўғлон ўзинг, дармон ўзинг.
Бағрида ётқучи – сен,
Неъматларин тотқучи – сен,
Тиғ бўлиб ботқучи – сен,
Пайкон ўзинг, қалқон ўзинг.
Марсга тўп отгувчи – сен,
Зуҳрони уйғотгучи – сен,
Уйқуда қотгучи – сен,
Уйғон ўзинг, уйғон ўзинг.
Келдинг оламга, демак,
Етмас уни сўрмак, емак,
Ерни этмоғинг керак
Бўстон ўзинг, ризвон ўзинг.
Сўзга ҳам поён бўлур,
Ёзсам яна девон бўлур,
Рустами достон бўлур,
Достон ўзинг, девон ўзинг.
Бўлмасин субҳинг қаро,
Бор бўл мудом борлиқ аро,
Ўзни этгил доимо
Инсон ўзинг, инсон ўзинг.
Эй, сен Эркин, сен букун
Ёздинг дилингдан бир тугун,
Сен ким-у не даҳри дун,
Бийрон ўзинг, нодон ўзинг.
✍ Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1973 йил.
👇👇👇
🌐
http://www.facebook.com/evohidov
🌐
http://🌐www.erkinvohidov.uz/