#СаволЖавоб
Аёли нафл рўза тутган вақтда унга яқинлик қилиш
Савол:
Эр ўзи рўзадор бўлмаган ҳолатда, шаввол ойининг олти кунлик рўзасини тутаётган аёлига жинсий яқинлик қилишининг ҳукми қандай?
Жавоб:
Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин.
Нафл рўза тутаётган киши ўз нафсининг амиридир, яъни ихтиёри ўзида. Хоҳласа рўзасини охирига етказади, хоҳласа очиб юборади. Лекин, албатта, охирига етказиш афзалроқдир.
Имом Аҳмад (26353) Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимга кириб, ичимлик сўрадилар ва ичдилар. Сўнг менга узатдилар, мен ҳам ичдим. Кейин: "Ё Расулуллоҳ, мен аслида рўзадор эдим", дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Нафл рўза тутувчи ўз нафсининг амиридир. Хоҳласа рўзасини давом эттиради, хоҳласа очиб юборади", дедилар» ("Саҳиҳул жомеъ", 3854).
Демак, ким шавволнинг олти кунлик рўзасидан бирини тутаётган бўлса-ю, оғзини очиб юборишни хоҳласа, бунга рухсат берилади. Рўзасини еб-ичиш билан бузадими, жинсий яқинлик қилиш биланми ёки бошқа нарса биланми, фарқи йўқ.
Агар бу аёл эрининг рухсатисиз нафл рўза тутган бўлса, эри уни тўшакка чақиришга ҳақлидир ва аёл эрининг бу талабига жавоб қилиши (кўниши) шарт бўлади.
Борди-ю, аёл эрининг рухсати билан рўза тутган бўлса, у ҳолда эр унинг рўзасини буздиришга ҳақли эмас. Лекин шундай бўлса-да, агар эр яқинлик қилишни хоҳлаб қолса, аёлнинг эрига итоат қилгани афзалдир.
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар аёл эрининг изни билан нафл рўза тутган бўлса, эр унинг рўзасини буздириши ҳалол бўлмайди. Чунки ўзи бунга рухсат берган. Бироқ аёл эрининг изни билан нафл рўза тутиб турган айни шу ҳолатда эри уни тўшакка чорласа, нима қилиш керак: аёл рўзасини давом эттириб, эрининг талабини рад қилгани яхшими ёки эрига итоат қилганими? Иккинчиси афзалдир, яъни эрига итоат қилиши. Чунки эрнинг тўшакка чақириғига лаббай деб жавоб бериш аслида фарз амаллардандир. Нафл рўза тутиш эса мустаҳаб (суннат) амалдир. Қолаверса, эр қаттиқ хоҳлаб турган бир пайтда аёл унга рад жавобини берса, эрнинг кўнглида аёлига нисбатан қандайдир гина пайдо бўлиши ва шу сабабли ўрталаридаги муносабатларга совуқчилик тушиши мумкин» («Мажмуъул фатово Ибн Усаймин», 21/174).
Валлоҳу аълам.
Манба: «Ислом: савол ва жавоб» саҳифаcи, 110059-рақамли фатво.