БОЛАНИ УХЛАТИШДА ЎҚИЛАДИГАН ДУОЛАР
Кўп оналар кечаси фарзандини ухлатишга қийналишади. Бола ухлашдан олдин йиғлайди, инжиқлик қилади, дарров ухлай қолмайди, бундан эса ота-она паришон бўлади. Бола эса нима сабабдан йиғлаётганини айта олмайди, уни нима безовта қилаётганини тушунтириб бера олмайди. Шунинг учун бу ҳолатларда она боласига сабр ва таҳаммул билан эътибор берсин, уни нима безовта қилаётганига диққат қилсин, ўзи била олмаса, тажрибали шифокорларга мурожаат қилсин. Шу билан бирга улуғларимиз тавсия қилган дуоларни ҳам ўқиб, фарзандига дам солсин. Улуғларимиз фарзанд ухламай, кўп инжиқлик қилганда қуйидаги дуони ўқиб, унга дам солишни тавсия қилганлар:
«Аллоҳумма, Ғоротин нужуум, ва ҳада'атил ъуйуун, ва анта Ҳайюн, Қойюм, лаа та'хузука синатун ва лаа навм, йаа Ҳайю, йаа Қойюму, аҳдий лайлий ва аним ъайний»
Маъноси: «Аллоҳим, юлдузлар ботди, кўзлар тинди. Лекин Сен тириксан, қоимсан. Сени мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Эй тирик ва қоим бўлган Зот, кечамни тинч қилиб, кўзимга уйқу бергин».
Шу дуони ўқиб, болага дам солинса, иншааллоҳ, бола ором олиб ухлайди.
“Солиҳ фарзанд қандай тарбия қилинади?” китобидан.
•┈┈•┈•⊰✿📚✿⊱•┈┈•┈┈•