Кетди-кетди...
Кетди, кетди, жонлар кетди,
Қанча тирик шонлар кетди,
Ҳувиллаблар қолди дунё,
Энг азиз меҳмонлар кетди.
Юраклар мисли япроқлар,
Еди, тўймади тупроқлар,
Бир-бир йиқилди байроқлар,
Тахтли Сулаймонлар кетди.
Ҳазин тортди хазиналар,
Бир-бир қулади зиналар,
Эсиз буюк Ҳалималар,
Маърифати конлар кетди.
Эрк излаб ҳам одамизод,
Бўлмади занжирдан озод,
Маҳшаргача буғзида дод,
Машрабий исёнлар кетди.
Ким шоир, ким созандадир,
Бастакордир, хонандадир,
Замонга пул арзандадир,
Буғзи тўла қонлар кетди.
Ўлимнинг фасли чўғида,
Қон қотиб қарочўғида,
Жон қушининг тумшуғида,
Донлар кетди, нонлар кетди.
Дил айрилди ҳаловатдан,
Не наф энди маломатдан,
Бир-бир ўтиб давоматдан,
Толиби давронлар кетди.
Дўқ уриб, чимириб қошлар,
Сиз яшанг эй бағритошлар,
Чунки, қадрсиз Қуёшлар,
Руҳи жовидонлар кетди.
Эсиз, азиз жонлар кетди...
29.07.25 йил
Гулжамол Асқарова