Мустақилликка 35 йил
🇺🇿Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тараққиётининг келгуси босқичи учун инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган 7 та миллий дастур амалга оширилишини маълум
https://t.me/Press_Secretary_Uz.
Давлат раҳбари мамлакат тарихнинг масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида тургани, тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўяётганини таъкидлаган.
“Келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлади”, — деган давлат раҳбари.
Президентга кўра, мазкур давр халқнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали бунёд этилади.
🔖Биринчи миллий дастур — билим ва малакани ривожлантириш
Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришга қаратилган.
Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамрови қисқа муддатда 100 фоизга етказилади. Хусусий боғча ташкил қилиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақлаб қолинади.
Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади.
Техникумларда халқаро таълим стандартлари жорий этилиб, ёшларни юқори даромадли касбларга ўқитиш йўлга қўйилади. Улардаги қамров 1 миллион нафарга етказилади.
“Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди”, — деган президент.
Шунингдек, келгусида камида 10 та университетни ТОП-1000 таликка киритиш катта марра сифатида белгиланди.
🔖Иккинчи миллий дастур — соғлом ва узоқ умр
Иккинчи миллий дастур халқнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.
Аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатлари келгуси беш йилда ЯИМга нисбатан 5 фоизга етказилади.
Тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтилади.
Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради.
Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникаси жалб қилинади.
Ўзбекистон замонавий тиббиёт, фарматсевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантирилади.
🔖Учинчи миллий дастур — юқори технологияли иқтисодиёт
Учинчи миллий дастур иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказишга қаратилади.
Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвеститсия жалб қилинади.
Иқтисодиётда юқори ўсиш суръати сақланган ҳолда, 2030-йилгача ЯИМ ҳажми 300 миллиард долларга етказилади. Саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Ёшлар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади.
Кичик бизнеснинг ўрта бизнесга, ўрта корхоналарнинг эса йирик компания ва корпоратсияларга айланиши учун яхлит экотизим йўлга қўйилади.
“Буларнинг ҳисобига келгуси ўн йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 минг долларлик маррадан ошади”, — дея таъкидлаган Ппезидент.
🔖Тўртинчи миллий дастур — сув ва табиатга муносабатни ўзгартириш
Тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади.
Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бораётгани қайд этилди.
Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамрови 100 фоизга етказилади.
Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади.
Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўлами 30 фоизга етказилади.
🔖Бешинчи миллий дастур — суд мустақиллиги ва қонун устуворлиги
Бешинчи миллий дастур суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини умумий қадриятга айлантиришга қаратилган.
Ҳуқуқий тарбия мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўйилади.
Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотлар давом эттирилади.
Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш чоралари кучайтирилади.
Шунингдек, яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши кураш янги босқичга кўтарилади.