“Бечора артист” образи орқали босим қилишга уринаётганларга асло парво қилмаслик керак. Даромад бор жойда солиқ ҳам бўлиши шарт!
Сўнгги кунларда санъаткорларнинг тўй ва бошқа тадбирлар орқали топаётган даромадларини солиққа тортиш масаласи кенг муҳокама қилинмоқда. Артистларнинг тўйлар ва бошқа тадбирлардан тушган даромадини солиққа тортиш масаласи кун тартибига чиқди ҳамки, улар ўзларини “бечора” кўрсатиш кампаниясини бошлаб юборди. Бунинг ортида ким тургани ҳозирча маълум эмас. Улар масалани муҳокама қилмаяпти, балки босим қилишга уриняпти, “бечора артист” образини яратишга ҳаракат қилишяпти.
Таклиф этилаётган қарор https://regulation.adliya.uz/project/8288/26841?contentLang=uz, санъаткорлар учун солиқ мажбурияти доимий эмас, балки кўрсатилган хизматга боғлиқ равишда юзага келади. Яъни санъаткор фақатгина муайян тадбирда иштирок этиб, даромад олган тақдирдагина солиқ тўлайди. Агар хизмат кўрсатилмаса, солиқ мажбурияти ҳам мавжуд бўлмайди. Бундан ташқари, ҳар бир хизмат алоҳида ҳисобга олинади ва унинг миқдори олдиндан белгиланган чегаралар доирасида бўлади.
Белгиланган ставкалар базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,25 бараваридан (103 минг сўм) 3 бараваригача (1 млн 236 минг сўм) этиб белгиланган бўлиб, амалда бу энг юқори ҳолатда тахминан 100$ ни ташкил этади. Бўлди, ундан кўп эмас. Ушбу миқдорни артистларнинг умумий даромад ҳажми билан қиёслаганда, уни ортиқча солиқ юки сифатида баҳолаш учун етарли асос йўқ.
Ҳар ҳолда артистлар неча минг долларга тўйга чиқиши, “қистир-қистир” пуллари, реклама ва ижтимоий тармоқлар орқали топадиган даромади миқдори бугун кўпчиликка сир эмас. Яъни улар 2-3 таси чиқиб олиб айтганидек, “бечора” эмас. Ижтимоий тармоқларда бой ҳаётини, қандай машиналарда юришию, қиммат ресторанларда овқатланишини одамларга аллақачон ўзлари кўрсатиб бўлишган.
Энг кўпи билан 100$ солиққа булар шунча ваҳима қиляпти, эл қатори 12% даромад солиғи, ижтимоий солиқлар ва бошқа тўловларни тўласа, бошларини уриб ёрса керак. Янги тартибга кўра ҳам, бу артист зоти солиқ масаласида барибир имтиёз устида ўтирибди, аслида. Шуям кўплик қилиб, чиқиб олиб дод-фарёд солаётган бўлса, булар жуда ҳаддидан ошибди.
Бундан бир неча йиллар олдин артистлар давлат тадбирларида теппа-текинга, қўли кўксида, эгилиб-букилиб хизмат қилиб юришганди. Давлат бунга чек қўйди, алоҳида гонорар тўлайдиган тизим қилинди. Кейин-чи? Эшитишимизча, репетиция жараёнларига хоҳласа келадиган, хоҳласа келмайдиганлари пайдо бўлди. Ўзларидан кетишди.
Қиёсий жиҳатдан қаралганда, бошқа соҳаларда фаолият юритаётган фуқаролар учун солиқ мажбуриятлари анча қатъий ва мунтазам характерга эга. Жумладан, ўқитувчилар, шифокорлар, ободонлаштириш соҳаси ходимлари, такси ҳайдовчилари ва бошқа кўплаб касб эгалари ҳар ой ўз даромадларидан белгиланган ставка бўйича солиқ тўлайди. Уларнинг даромади кам ёки юқори бўлишидан қатъи назар, мазкур мажбурият доимий равишда амал қилади.
Хулоса қилиб айтганда, 5-6 та отарчининг босимини деб, бу ишни асло кечиктирмаслик ёки ортга сурмаслик лозим. Давлат бюджети солиқлардан шаклланади. Гапирса гапираверади, буларни рози қилиб бўлмайди. Нари борса 5-10 минг артист бордир. Шулардан ҳаммаси видео чиқиш қилиб, ўзини бечорага солса ҳам, минглаб одамлар аллақачон “солиқни тўла, кейин ашулангни айт” деб изоҳлар ёза бошлашган.
P. S.: Видео мурожаатлар билан чиқиш қилган ёки бу йўлни танламоқчи бўлган санъаткорлар бундай мувофиқлаштирилган кампаниялардан узоқ туриши мақсадга мувофиқ. Чунки қисқа вақт ичида, бир вақтнинг ўзида “бир хил позиция” билан чиқишлар кузатилаётгани табиий саволларни келтириб чиқаряпти. Бу эса мустақил фикрдан кўра, муайян таъсир ёки йўналтириш мавжуддек таассурот уйғотмоқда...