«Эй Аллоҳнинг Расули, ўз умматингиздан ҳали-ҳануз келмаганларини қандай танийсиз?» дейишди. Албатта, гап қиёмат куни ҳақида кетмоқда. Чунки у кундан бошқа вақтда кўришишнинг, танишишнинг имкони йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга мисол келтириш билан жавоб бердилар:
«Айтинг-чи, бир одамнинг қоп-қора отлар ичида юзи ва оёқ-қўллари оппоқ порлаган отлари бўлса, таний оладими?» дедилар.
Саҳобалар: «Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, улар юзлари ва оёқ-қўллари таҳоратнинг асаридан порлаган ҳолда келурлар», дедилар. Яъни, мендан кейин келган умматларим қиёмат куни куфр ва гуноҳдан қоп-қора бўлиб кетган одамлардан ажралган ҳолда, таҳорат қилганда сув теккан жойлари, юзлари ва оёқ-қўллари гўзал бўлиб порлаган ҳолларида келурлар. Мен уларни ана ўша аломатларидан таниб олурман, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари таҳоратнинг нақадар фазилатли эканлигини кўрсатади.
Мўмин-мусулмон одам намоз ўқиши, тавоф қилиши ва Қуръон ушлаши ва ўқиши учун таҳорат қилмоғи шарт. Умуман, доимо таҳоратли юриш эса фазилатдир. Таҳоратнинг фазллари жуда кўп. Жумладан, таҳорат қилган одам ҳар аъзосини ювганда ўша аъзолардаги гуноҳлар тўкилиши ҳақида ҳадислар бор. Аммо бу ҳадисда ҳақиқий мўмин-мусулмон одамда таҳоратининг асари қиёмат куни қандай зоҳир бўлиши баён қилинмоқда. Қиёмат қоим. Ҳамма ёқда мисли йўқ алғов-далғов. Одам Атодан тортиб, то қиёматгача яшаб ўтган халойиқ қайта тирилтирилиб, Маҳшаргоҳга тўпланган. Қиёматнинг даҳшатидан гўдакларнинг сочи оқарган, эмизикли аёллар ўз боласини унутган. Ота болани, бола отани танимайди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Биров-бировни таниши у ёқда турсин, кўрмайди ва сезмайди ҳам. Ана шундай тўс-тўполоннинг ичида, шунча халойиқнинг орасида фақат бир киши ўз одамларини осонгина таниб олади. У зот Роббил оламиннинг ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Аллоҳ таоло ўз ҳабиби учун умматларини осон таниб олишни таъминлаган. Ажойиб, гўзал бир аломат қилиб қўйган. Бу аломат мўмин банданинг бу дунёда иймон ва ихлос билан қилган таҳорати асаридир. Қиёмат куни мўмин банданинг таҳорат қилганда сув теккан аъзолари оппоқ бўлиб порлаб туради. Кофирлар, мунофиқлар, бетаҳоратлар юзлари, баданлари, оёқ-қўллари қоп-қора ҳолатда, хору зор юрган бир пайтда мўминларнинг юзлари, оёқ-қўлларидан нур порлаб туради. Маҳбуб пайғамбарлари уларни ана ўша нурдан таниб оладилар. Шунинг учун ҳам таҳоратни кўпроқ қилиш, ҳамиша таҳоратли юриш керак. Ким бу ишни кўпроқ қилса, қиёмат куни юзи, қўл-оёқларидан порлайдиган нури кўп бўлади, оз қилса, оз. Қилмаса, нури умуман бўлмайди. Расулуллоҳ уни танимайдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида таҳорат асаридан юзи, оёқ-қўллари порлаб турган умматларини қаерда кутиб олишларини ҳам айтмоқдалар:
«Мен уларнинг ҳовуз устида кутиб олувчилариман».
Бу ҳовуз ҳақида ўттиздан ортиқ соҳобалардан турли ҳадислар ривоят қилинган. Имом Бухорий ҳазрати Анас ибилан Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг ҳовузимнинг миқдори Ийладан Яманнинг Санъосигачадир. Ундаги кўзалар юлдузларнинг ададичадир», деганлар.
Ҳовуз ҳақидаги ҳадисларнинг умумий маъносидан қуйидаги маълумотлар келиб чиқади: бу ҳовуз жуда улкан, муҳтарам бир жойдир. Унга жаннатдаги Кавсар анҳоридан шароб оқиб келади. Унинг шаробининг ранги сутдан оқ, муздан совуқ, асалдан ширин, мушкдан кўра хушбўйдир. У жуда кенг бўлиб, бўйи билан эни тенгдир. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда:
«Ҳар бир Пайғамбарнинг ҳовузи бордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари энг каттаси, энг ширини ва энг кўп одам келадиганидир», дейилган. Бу ерда ҳам ўша ҳовуз ҳақида сўз кетмоқда. Мазкур ҳовуздан шароб ичиш, жаннатийликнинг аломати, улкан бахт ва буюк саодатдир. Пайғамбаримиз ўша ҳовуз устида туриб, таҳорат асаридан юзлари, оёқ-қўлларидан нур таралиб турган умматларини кутиб оладилар.