* * *
ҲОЖИЛАР
Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.
Чорлади Ҳақ, чиқдингиз "Лаббайка!" деб,
Ўзбекистондан тумонат ҳожилар.
Элу юрту хонадон, хеш-ақрабо
Ҳақ таолога омонат, ҳожилар!
Меҳрибон Парвардигор меҳмонисиз,
Ҳар дуо бўлгай ижобат, ҳожилар.
Асли эҳром дилдаги тақво эрур,
Оқ матоҳ - зоҳир аломат ҳожилар.
Бу жаҳонда Раббимиз зикри билан
Қалбимиз топгай ҳаловат, ҳожилар.
Ҳар ибодат Охират савдосидир,
Шул эрур асли тижорат, ҳожилар!
Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.
Ҳожини камситманг, эй аҳли жаҳон,
Ҳаж эрур хос бир каромат, ҳожилар.
Ҳожини, Каъба тушиб, жаннат сари
Чорлагай рўзи Қиёмат, ҳожилар.
Ҳар кўнгилга эслатар Маҳшар кунин
Сиз билан гавжум Арофат, ҳожилар.
Тошлаганда, ичдаги шайтонни ҳам –
Нафсни ҳам айланг маломат, ҳожилар!
Фикр этайлик, асли қурбонлик надир?
Бул фидолик, бул садоқат, ҳожилар.
Эслангиз, сидқи Халилуллоҳ билан
Ота шод, ўғлон саломат, ҳожилар.
Бу тавоф не? Асли инсон қалбига
Каъба бир қасри ҳимоят, ҳожилар!
Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.
Ваҳки, Иброҳим мақоминда туриб,
Тош вужуд йиғлар ниҳоят, ҳожилар.
Бас, Сафою кўҳи Марва ораси
Чин таваккулга ишорат, ҳожилар.
Оби зам-зам барча дунё аҳлига
Қудрати Ҳақдан далолат, ҳожилар!
Сочни олдирсак, кетар бўлсин, басе,
Бошдаги барча разолат, ҳожилар!
Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.
Оҳ, Ҳабибуллоҳ билан Ясриб гўзал,
Топди ул зотдан шарофат, ҳожилар!
Пок Расулуллоҳга денг элдан салом,
Равзани айлаб зиёрат, ҳожилар.
Икки олам сарварига рўбарў,
Йиғлашиб айтур саловат, ҳожилар.
Боғи Жаннат бор Набий меҳробида,
Ҳужжати асри саодат, ҳожилар!
Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.
Тавбангиз даргоҳида бўлсин қабул,
Ҳажингиз этсин шафоъат, ҳожилар.
Чиқдингиз ҳимматли Ислом юртидан,
Кўрсатинг жаҳду матонат, ҳожилар.
Бас, ибодатлар билан нурли бўлинг,
Бўлмагай турли қиёфат, ҳожилар.
Элу юрт, миллат, Ватан қадрин билинг,
Соғ бориб, қайтинг саломат, ҳожилар.
Бу фақир Мирзони ҳам айланг дуо,
Раббимиз берсин саодат, ҳожилар!
Ассалом, аҳли диёнат ҳожилар,
Етди Аллоҳдан иноят, ҳожилар.
2001
Мирзо Кенжабек