ЯҚИН ҚАРИНДОШЛАР БИЛАН НИКОҲЛАНИШ
#никоҳ
❓ 2199-САВОЛ: Ҳурматли фатво ҳайъати. Динимизда яқин қариндошлар билан қуда-анда бўлиш афзалми ёки бегоналар билан қуда-анда бўлишми?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Маълумки динимиз бегоналар билан қуда-анда бўлишга тарғиб қилиб, унинг афзал эканини таъкидлайди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу замонларида одамлар Бани Соиб қабиласининг одамлари жуда озғин, нимжон, касалмандлигидан шикоят қилишди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу суриштириб кўрсалар, қабиладагилар ўзларидан бошқага қиз ҳам беришмас, олишмас ҳам экан. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Бошқага қиз бериб, ўзгалардан қиз олинглар, саломатлигингиз яхшиланади”, дебдилар. Бу ҳолат қабила одамларининг соғлиғини яхшилабгина қолмай, қабилалар, қавмлар ўртасидага ижтимоий муносабатларни ва алоқаларни кенгайтиришга ҳамда қариндош-уруғчиликнинг ривож топишига ҳам сабаб бўлди.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар бирор қавм қизларини бошқа бегона қавмга узатмас, худди шундай бегона қавмдан қиз олмас экан бўлажак авлодининг ақли етук бўлишида шубҳа бор”, деганлар.
Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ: “Бегона билан оила қуринг. Сабаби фарзанд қобилиятли ва зукко бўлади”, деганлар.
Мутафаккир олим ва ҳаким Абу Али ибн Сино ҳам “Тиб қонунлари” китобида қатор касалликларнинг наслдан-наслга ўтишини, суяк суришини ва яқин қон-қариндошлар орасидаги никоҳнинг зарарли оқибатларини алоҳида кўрсатиб ўтган.
Мутахассисларнинг айтишича, бир-бирига бегона бўлган эру хотиннинг туғилажак боласига қараганда қариндошлар ўртасида туғилажак болада ирсий касаллик хавфи 3-4 баравар кўплиги ва турли нуқсонлар кузатилади. Ирсий касалликлар боланинг ёшлигида билинмай, ёши ўтавергач юзага чиқиши мумкин.
Шундай экан, динимиз яқин қариндошлар билан қуда-анда бўлишга рухсат берса-да, яқин қариндошлардан бошқа билан оила қуришга тарғиб қилиб, уни бир қанча афзалликларини баён қилган. Зеро, туғилажак фарзандларнинг соғломлиги, ақлу заковатининг ўткирлиги, қонининг янгиланиши, миллатчилик ва уруғчилик кескинлашиб кетишини олдини олиш каби бир қанча ҳолатларга яқин қариндошлардан бошқа билан оила қуриш сабабдир. Қолаверса, бугунги замонавий тиббиёт ҳам яқин қариндошлардан бошқа билан оила қуришга чақирмоқда. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Дўстларингизга ҳам улашинг!
•┈•┈•┈•❁imonuz❁•┈•┈•┈•
☪️ http://imon.uz/ 👉 |