https://review.uz/oz/1df
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026 йилнинг I ярим йиллигида Марказий Осиё мамлакатлари саноатининг ривожланиш динамикасига бағишланган шарҳ тайёрлади.
🇺🇿Ўзбекистон саноати юқори суръатларда ўсди — 8% (2025 йилнинг I ярим йиллигида — 6,6%), ишлаб чиқаришнинг қиймат ҳажми эса 53 млрд долларга етди. Қайта ишлаш саноати 8,8%га ўсди (2025 йилнинг I ярим йиллигида — 7,1%), унинг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 85%дан 86%га ошди. Қазиб олиш саноати эса атиги 2,1%га ўсди. Шунингдек, электр энергияси, газ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш соҳасида ўсиш 7,9%ни (3,1%), сув таъминоти, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилишда эса 15,9%ни (9,7%) ташкил этди.
🇰🇿Қозоғистон саноати йиллик ҳисобда 3,5%га ўсди, ишлаб чиқаришнинг қиймат ҳажми эса 71 млрд долларни ташкил этди. Ўсишни чеклаган асосий омил тоғ-кон саноати бўлди: тармоқ ишлаб чиқариши 4%га, жумладан, нефть ва газ қазиб олиш 8,3%га қисқарди. Қазиб олиш сектори жами саноат ишлаб чиқаришининг қарийб 46%ини ташкил этишини ҳисобга олганда, бундай динамика мамлакатдаги умумий иқтисодий ўсиш суръатларини сезиларли даражада секинлаштирди. Қайта ишлаш саноати, аксинча, 9,8%га ўсди ва ишлаб чиқариш ҳажми бўйича 33 млрд долларга етиб, қазиб олиш секторидан бироз юқори натижа қайд этди.
🇰🇬Қирғизистонда саноат ишлаб чиқариши 12,7%га ўсиб, 5,2 млрд долларни ташкил этди. Қазиб олиш саноати, асосан, металл рудалари ва бошқа фойдали қазилмалар қазиб олиш ҳисобига 12,8%га ўсди. Қайта ишлаш саноати 15,1%га ўсиб, жами саноат ишлаб чиқаришининг 79,1%ини таъминлади. Саноатнинг энг йирик тармоғи бўлган бирламчи металлургия ҳиссасига жами ишлаб чиқаришнинг 48,7%и тўғри келди. Тармоқда ишлаб чиқариш ўтган йилги 2,2%лик пасайишдан сўнг 12,2%га ўсди.
🇹🇯Тожикистонда саноат ишлаб чиқариши кўриб чиқилаётган мамлакатлар орасида энг юқори суръатда 14,1%га ўсди, ишлаб чиқаришнинг қиймат ҳажми қарийб 3,6 млрд долларни ташкил этди. Бироқ 2025 йилнинг I ярим йиллигига нисбатан (24%лик ўсиш) ўсиш суръати секинлашди. Қайта ишлаш саноати 26%га ўсиб, жами саноат ишлаб чиқаришининг 52%ини ташкил этди (таққослаш учун, 2025 йилнинг I ярим йиллигида — 47%). Электр энергияси, газ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш соҳасида ишлаб чиқариш 16,8%га, жумладан, электр энергетикасида 17,1%га ўсди. Энергетика тармоқларининг саноатдаги улуши 21%га етди (2025 йилнинг I ярим йиллигида — 19%).
Руслан Абатуров
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
🖋 https://www.cerr.uz/ ✈️ 💻
https://www.facebook.com/CERR.Uzbekistan/ 🖥
https://twitter.com/CERRUZBEKISTAN ▶️
https://www.youtube.com/channel/UCyloccqgl23-nGuE3iivkYw/featured?view_as=public