Дуо
Аллоҳим, агар бу кеча Лайлатул-қадр бўлса, унда бизга у кечада тақсим этган энг яхши насибаларингдан ато этгин, тақдиримизга битган нарсаларингни яхши бўлишини насиб қилгин, бу кечада бизнинг номимизни ва зурриётларимизни саодатлилар қаторига ёзгин, руҳимизни шаҳидлар билан бирга қилгин, яхшиликларимизни Алиййинда қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин.
Аллоҳим, бу кечада Ўзингнинг бандаларингдан, дўстларингдан ва тоат аҳлидан кимларга яхшилик эшикларини очган бўлсанг, барча яхшилик эшикларини бизга ҳам очгин ва уни биздан беркитмагин. Бизни ҳалол ва пок ризқ билан ризқлантиргин.
Аллоҳим, бу муборак кечада қандай яхшилик, офият, соғлик, саломатлик ва ризқ кенглигини тақсим этган бўлсанг, ундан бизга ҳам насиба бергин. Ва бу кечада туширилган ҳар қандай ёмонлик, бало, фитна ва офатни биздан ва барча мусулмонлардан буриб юборгин.
Аллоҳим, бу кечада биздан зикр ва шукримизни қабул этгин ва камчилик, сусткашлик ва бепарволикларимизни Ўзингнинг кенг раҳматинг билан кечиргин, эй Раҳмлилар Раҳмлиси!
Аллоҳим, бизни Ўзингнинг кенг караминг билан ўраб олгин, бизни Ўз дўстларингдан қилгин ва бу кечани биз учун минг ойдан яхшироқ қилгин, буюк ажр бергин.
Аллоҳим, бизларни бу кечадан гуноҳлари кечирилган, саъй-ҳаракатлари қабул қилинган, қалбларимизга шифо берилган ва холис тавбалари қабул қилинган ҳолда чиқаргин.
Аллоҳим, бизни, аҳлимизни, зурриётимизни ва барча мусулмонларни бу кечада дўзахдан озод қилинганлардан қилгин. Аллоҳим, бизларни бу кечада раҳм қилинган, дуосини эшитиб ижобат қилинган бандаларингдан қилгин.
Аллоҳим, биз Сендан Лайлатул-қадр, унинг сирлари, нурлари ва баракалари ҳаққи билан сўраймиз: қилган дуоларимизни қабул қилгин ва ҳожатларимизни ато этгин, эй Раҳмлилар Раҳмлиси!
Аллоҳим, бу буюк кечада биз учун ҳеч бир гуноҳ қолдирмагинки, уни кечирмаган бўлсанг; ҳеч бир бемор қолдирмагинки, унга шифо бермаган бўлсанг; ҳеч бир вафот этган қолдирмагинки, унга раҳм қилмаган бўлсанг; ҳеч бир дуо қолдирмагинки, уни қабул қилмаган бўлсанг; ҳеч бир тавбакор қолдирмагинки, уни қабул қилмаган бўлсанг; ҳеч бир фақир қолдирмагинки, уни бойитмаган бўлсанг; ҳеч бир мўмин қолдирмагинки, уни собит қилмаган бўлсанг; ҳеч бир илм талаб қилувчи қолдирмагинки, уни муваффақ қилмаган бўлсанг; ҳеч бир мазлум қолдирмагинки, унга ёрдам бермаган бўлсанг. Дунё ва охиратда Сен рози бўладиган ва биз учун яхшилик бўлган ҳар қандай ҳожатни ато этгин ва осон қилгин.
Эй ҳожатларни раво этувчи, эй дуоларни қабул қилувчи! Аллоҳим, эй ғамларни кетказувчи, эй ташвишларни аритувчи, эй муҳтожлар дуосини қабул қилувчи! Биздан ҳеч нарса Сенга махфий эмас. Биз Сендан мискинлар каби сўраймиз, гуноҳкор ва хор банда каби ёлворамиз.
Аллоҳим, биз Сенга бўйнини эгган, танаси хор бўлган, кўзлари ёшга тўлган банданинг дуоси билан дуо қиламиз. Эй Роббимиз, умрларимизнинг энг яхши они охири бўлсин, амалларимизнинг энг яхшиси хотимаси бўлсин, кунларимизнинг энг яхшиси Сен билан учрашадиган кунимиз бўлсин. Ўзингни фазлинг билан бизларни бошқаларга муҳтож қилмагин.
Аллоҳим, бизга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатини насиб этгин, у зотнинг ҳавзига олиб боргин ва муборак қўлларидан бир марта қониб ичиргинки, ундан кейин ҳеч қачон чанқамайлик. Аллоҳим, биз У зотни кўрмасдан имон келтирдик, бизни У зот билан жаннатда жам қилгин.
Аллоҳим, бизни Лайлатул-қадрни топганлардан ва унинг савоби, афви, карами ва фазлига эришганлардан қилгин.
Эй Роббимиз, эшигингни тақиллатдик — бизга осмон эшикларини очгин, катта балоларингдан бизни асрагин. Эй кучлиларни заифларга бўйсундирувчи, жинларни Сулаймонга бўйсундирган, қушлар ва темирни Довудга бўйсундирган, оловни Иброҳимга салқин қилган Зот! Бизга ҳам солиҳ бандаларингни хизмат қилдиргин, ишларимизни осон қилгин ва бизни кутмаган жойимиздан ризқлантиргин.