#Ақида
Иймон нима?
“Иймон” сўзи “ишониш”, “тасдиқлаш” маъносини англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолодан етказган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, тил билан иқрор бўлиш имон дейилади1.
Иймон калимаси қуйидагича айтилади:
أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ.
Ўқилиши: “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ, ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳ”.
Маъноси: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Муҳаммад У Зотнинг бандаси, Расули эканига гувоҳлик бераман”.
Ким бу калималарни тили билан айтса, дили билан тасдиқлаб қабул қилса, Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқлигини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси, Расули эканини эътироф этса, мўмин саналади. Агар имон бўлмаса, банданинг ҳеч бир амали қабул бўлмайди, қилган солиҳ амалларига биттаям савоб ёзилмайди. Тоат-ибодатлар, эзгу ишлар қабул бўлишининг асосий шарти имондир.
Иймон ифодалаш жиҳатидан иккига бўлинади:
1. Ижмолий иймон.
2. Муфассал иймон.
Иймон келтириш лозим нарсаларнинг ҳар бирини ёдлаш, алоҳида санаб тасдиқлаш “муфассал иймон”, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етказган нарсаларнинг барчасига ишониш (яъни, умумий тарзда, қисқача баён қилиш) “ижмолий иймон” дейилади.
Ижмолий иймон қуйидагича ифодаланади:
آمَنْتُ بِاللهِ كَمَا هُوَ بِأَسْمَآئِهِ وَصِفَاتِهِ وَقَبِلْتُ جَمِيعَ أَحْكَامِهِ.
Ўқилиши: “Ааманту биллааҳи камаа ҳува би-асмааиҳии ва сифаатиҳ, ва қобилту жамийъа аҳкаамиҳ”.
Маъноси: “Аллоҳга, Унинг исмларига, сифатларига имон келтирдим, Унинг ҳамма ҳукмларини қабул қилдим”.
Муфассал иймон қуйидагича ифодаланади:
آمَنْتُ بِاللهِ وَمَلآئِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَالْقَدَرِ خَيْرِهِ وَشَرِّهِ مِنْ اللهِ تَعَالَى وَالْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ.
Ўқилиши: “Ааманту биллааҳи ва малааикатиҳий ва кутубиҳи ва русулиҳ, вал-йавмил-аахири, вал-қодари хойриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таъаалаа, вал-баъси баъдал-мавт”.
Маъноси: “Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, охират кунига, қадарнинг яхшисиям, ёмониям Аллоҳ таолодан эканига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга имон келтирдим”.
—
[1] Имом Молик, Шофеъий, Аҳмад, Авзоий, Исҳоқ ибн Роҳвайҳга кўра, иймон қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор бўлиш, аъзолар билан амал қилишдир.
Ҳанафий мазҳаби уламоларидан кўплари Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ зикр қилган нарсага: “Иймон тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлашдир”, деган қавлга иттифоқ қилишган (Манба: Муҳаммад Анвар Бадахшоний, “Ақидатут таҳовия шарҳининг талхиси”).
📚 «Ислом ақидаси» китобидан
••••┈•••┈••┈• ❁📖❁ •┈••┈•••┈••••
👉 Улашинг ⤵️ ➫ http://www.islomota.uz/
🔄
https://t.me/+QYa9XFEGCZpUqzr6