#ramazon
🕯Қадр кечаси дуоси
▫️Аллоҳим, агар бу кеча Қадр кечаси бўлса, унда тақсимлаган яхшиликларингни менга ҳам насиб эт. Бу кечадаги ҳукмингни мен учун хайрли хотима билан якунла ва мени саодатли бандаларинг қаторида қил.
▫️Аллоҳим, бу кечада менинг ва зурриётимнинг исмларини саодатмандлар рўйхатига, руҳимни шаҳидлар билан бирга, қилган яхшиликларимни "иллийин"да қил ва гуноҳларимни мағфират айла.
▫️Аллоҳим, бу кеча Сен Ўз халқларинг, авлиёларинг ва Сенга итоат қилган бандаларинг учун очган барча яхшилик эшикларини мен учун ҳам оч ва уларни мендан ёпма. Ўз фазлинг билан мени ҳалол ва пок ризқ ила ризқлантир.
▫️Аллоҳим, бу муборак кечада тақсимлаган ҳар бир яхшилик, офият, соғлиқ, омонлик ва кенг ризқдан менга ҳам насиба бер. Бу кечада нозил қилган ҳар бир ёмонлик, бало, шарт ва фитналарни мендан ва барча мусулмонлардан узоқ қил.
▫️Аллоҳим, бу кечадаги зикр ва шукрларимни ҳусни қабул ила қабул айла. Қилган камчиликларим, бепарволигим ва зое қилган вақтларимни Ўз раҳматинг ила кечир, эй раҳмлиларнинг Раҳмлиси.
▫️Аллоҳим, бу кечада мени Ўз караминг билан ўрагин, мени Ўз дўстларингдан қил. Бу кечани мен учун минг ойдан яхшироқ, буюк ажр ва захира кечаси қилгин.
▫️Аллоҳим, мени бу кечадан фақат гуноҳлари кечирилган, интилишлари қадрланган, амаллари қабул этилган, тижорати касодга учрамайдиган, қалби шифо топган ва Сен учун холис тавба қилган ҳолда чиқаргин.
▫️Аллоҳим, мени, аҳлимни, зурриётимни ва барча мусулмонларни дўзахдан озод бўлган бандаларингдан қил. Аллоҳим, бу кеча мени Ўзинг назар солиб раҳм қилган, дуосини эшитиб ижобат қилган бандаларингдан қил.
▫️Аллоҳим, Қадр кечасининг сирлари, нурлари ва баракалари ила Сендан сўрайман: дуоларимни қабул эт ва ҳожатларимни раво қил, эй раҳмлиларнинг Раҳмлиси.
▫️Аллоҳим, бу улуғ кечада бизнинг биронта гуноҳимизни қолдирмай кечир, беморларимизга шифо бер, ўтганларимизни раҳматингга ол, дуоларимизни ижобат қил, тавбаларимизни қабул эт, камбағалларимизни бой қил, мўминларни собитқадам қил, толиби илмларга зафар бер, мазлумларга нусрат бер.
▫️Дунё ва охиратдаги Сен рози бўладиган ва биз учун хайрли бўлган барча ҳожатларимизни Ўз раҳматинг ила осон қил ва раво эт. Эй ҳожатларни раво қилгувчи, эй дуоларни ижобат қилгувчи Зот!
▫️Эй ғамларни аритгувчи, эй ташвишларни кетказгувчи, эй музтар қолганларнинг дуосини ижобат қилгувчи Зот, Сенга бизнинг ҳеч бир ишимиз махфий эмас. Сендан мискинлардек сўраймиз ва гуноҳкор, хор бандалардек Сенга илтижо қиламиз.
▫️Аллоҳим, Сенга бўйин эгган, жисми Сенга таслим бўлган, ҳузурингда хокисор бўлган ва Сен учун кўзларидан ёш тўккан ҳолда Сенга дуо қиламиз. Эй чорасиз қолган банда дуо қилса ижобат қилувчи ва ёмонликларни кетказувчи Зот!
▫️Роббимиз, умримизнинг энг яхши қисмини охиргисини, амалларимизнинг энг яхшисини хотимасини ва кунларимизнинг энг яхшисини Сенга йўлиқадиган кунимизни қилгин. Ўз фазлинг билан бизни Ўзингдан бошқага муҳтож қилма.
▫️Аллоҳим, бизга саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини насиб эт, у зотнинг Ҳавзларига олиб бор ва муборак қўлларидан бизга шундай ичимлик ичирки, ундан кейин асло чанқамайлик. Аллоҳим, у зотни кўрмай иймон келтирганимиз каби, то у зотнинг ҳузурларига киргунимизча бизни у зотдан айирма.
▫️Аллоҳим, бизни Қадр кечасининг қиёмига муваффақ бўлган, унинг хайри, авфи, карами ва фазлига эришган бандаларингдан қил.
arabicuz
УЛАНИНГ ! АФСУСЛАНМАЙСИЗ !
👇👇👇👇👇👇👇👇