#тахрирсиз_узатилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисига
МУРОЖААТ
Ҳурматли раҳбарлар!
Биз, Навоий вилояти Мажбурий ижро бюроси тизимида фаолият юритаётган бир гуруҳ ходимлар номидан, жамоада узоқ вақтдан буён сақланиб келаётган муаммолар юзасидан яна бир бор мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдамиз.
Аввалги мурожаатларимизда Навоий вилояти Мажбурий ижро бюроси бошқармаси раҳбари фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар, ходимларга нисбатан қўпол муомала, доимий руҳий босим, хизмат фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган бошқарув услуби ҳамда меҳнат қонунчилиги талабларига зид деб ҳисобланган айрим ҳолатлар ҳақида маълум қилган эдик.
Мурожаатларимиз асосида Республика Мажбурий ижро бюроси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган бўлса-да, мазкур ўрганишлар натижасида жамоадаги мавжуд муаммоларга етарлича ҳуқуқий баҳо берилмаган, деб ҳисоблаймиз. Сабаби, аксарият ходимлар раҳбар ҳақида очиқ фикр билдиришдан чўчийди. Чунки кейинчалик турли хизмат текширувлари, асоссиз эътирозлар, ротация ёки бошқа кўринишдаги босимларга дуч келишидан хавотир олади.
Текширувчилар кетганидан кейин эса ҳолат яна аввалги кўринишга қайтмоқда. Раҳбар томонидан ходимларга нисбатан бақириш, ҳақорат қилиш, таҳқирлаш ва руҳий босим ўтказиш ҳолатлари давом этаётгани ҳақида жамоада жиддий норозилик мавжуд.
Шу билан бирга, ходимларнинг бир йил давомида бир неча маротаба ротация қилиниши, дам олиш кунларида ишга жалб этилиши, меҳнат таътили билан боғлиқ масалаларда қонунчилик талабларига тўлиқ амал қилинмаётганлиги ҳақида ҳам бир неча бор мурожаат қилинган эди. Мазкур ҳолатларнинг барчаси тегишли тартибда ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилишини сўраймиз.
Энг ачинарлиси, жамоада давлат органларига қилинган мурожаатлар натижа бермайди, деган тушунча шаклланиб бормоқда. Бу эса давлат идораларига бўлган ишончга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан, аввал тақдим этилган мурожаатларимизни республика даражасида холис, ҳар томонлама ва чуқур ўрганишингизни, текширув жараёнида ходимларнинг фикрлари махфий тарзда олинишини, келтирилган важлар ва далилларга қонуний баҳо берилишини ҳамда аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилишини сўраймиз.
Шунингдек, мазкур мурожаатларимиз юзасидан қонуний ва адолатли чоралар кўрилмаган тақдирда, бир қатор ходимлар қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Навоий вилоятига ташрифи давомида ёки фуқаролар қабули жараёнларида ушбу масалаларни бевосита етказиш ниятида эканлигини маълум қиламиз. Чунки ходимлар ўзларини қийнаётган муаммоларга ечим топилишини ва қонуний адолат қарор топишини истамоқдалар.
Биз мурожаатимиз Президент даражасигача чиқиб бормасдан, ваколатли давлат органлари томонидан холис, адолатли ва қонуний тарзда кўриб чиқилишига, жамоада соғлом иш муҳити тикланишига ҳамда қонун устуворлиги таъминланишига умид қиламиз.
Мурожаатимиз назоратга олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилишини сўраймиз.
Ҳурмат билан,
Навоий вилояти Мажбурий ижро бюроси тизими ходимлари номидан.