Мустақиллик байрами арафасида эзгулик ва эътибор улашилди
Истиқлол халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, миллий қадриятларини асраб-авайлаши ва фаровон келажак барпо этиши учун кенг имкониятлар очиб берди. Шу боис Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимизнинг турли ҳудудларида инсон қадрини улуғлаш, меҳнат аҳлини эъзозлаш ва эзгуликка чорловчи тадбирлар ўтказилмоқда.
Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида тантанали тадбир ташкил этилди.
Унда марказда меҳнат қилаётган шифокорлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари, маъмурий-бошқарув ва техник ходимлар, шунингдек, соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилган фахрийлар иштирок этди.
Тадбирни марказ бош шифокори Жаҳонгир Шодиев очиб, жамоани улуғ айём билан самимий муборакбод этди. У ўз сўзида мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг тиклангани, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида, жумладан, болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Байрам муносабати билан марказда меҳнат қилаётган ходимларни рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Соҳадаги кўп йиллик самарали меҳнати, касбий фаоллиги ва тиббий хизмат сифатини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси учун 30 нафарга яқин тиббиёт ходими Ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, 24–26 август кунлари марказ ходимлари ўртасида шашка ва шахмат, волейбол, футбол ҳамда енгил атлетика бўйича спорт мусобақалари ўтказилди. Беллашувларда турли бўлим ва тузилмалардан тузилган жамоалар фаол иштирок этиб, чаққонлик, матонат ва жамоавийлик намуналарини кўрсатди. Ғолиб ва совриндорлар эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Байрам тадбирлари доирасида марказ ходимларининг ижтимоий эҳтиёжларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларининг мактаб ёшидаги, жумладан, бу йил биринчи синфга қадам қўядиган фарзандларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 21 нафар болага мактаб анжомлари совға қилинди.
Умуман, Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан марказда 260 нафар тиббиёт ходими турли шаклда рағбатлантирилди.
Бундай эзгу ташаббуслар, аввало, инсон меҳнатини қадрлаш, жамоада соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фарзандларига қувонч улашишга хизмат қилмоқда.
😎