Ўша кеча қандай ухладилар экан а?..
Ўша кеча Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу қандай ухладилар экан?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга шундай дедилар:
“Эй Муоз, мен сени яхши кўраман!”
Ўша кеча Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қандай ухладилар экан?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қучоқлаб:
“Аллоҳим, унга китобингни ўргатгин”, деб дуо қилдилар.
Яна унга таёқларини бериб:
“Бу билан мен сизни жаннатда таниб оламан”, дедилар.
Ўша кеча Билол розияллоҳу анҳу қандай ухладилар экан?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга шундай дедилар:
“Мен жаннатда сизнинг оёқ товушингизни эшитдим.”
Ўша кеча Хадижа онамиз қандай ухладилар экан?
Аллоҳ таоло у зотга Жаброил алайҳиссалом орқали жаннатдаги уй билан хушхабар берганидан кейин...
Ўша кеча Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қандай ухладилар экан?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Хурсанд бўлинг, чунки Аллоҳ сизни дўзахдан озод қилди.”
Ўша кеча Убай ибн Каъб розияллоҳу арҳу қандай ухладилар экан?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга шундай дедилар:
“Аллоҳ менга олдингизда Қуръон ўқишни буюрди.”
Шунда Ҳазрати Убай сўрадилар:
“Аллоҳ менинг исмимни тилга олдими, ё Росулаллоҳ?..”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ҳа”, деб жавоб бердилар.
Албатта, улар учун бундан ортиқ хушхабар йўқ эди ва улар бундай нарсани кутмаган эдилар...
Аллоҳ улардан рози бўлсин...
БУЛАРНИ ТАСАВВУР ҚИЛА ОЛАСИЗМИ..?!
… Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Эртага бу байроқни Аллоҳ ва Унинг Росули яхши кўрадиган бир кишига бераман...”, деганларида, бу сўз ўзлари ҳақларида эканини билган Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу нималарни ҳис қилган эканлар-а..?! Тасаввур қила оласизми..?!
… Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“От эй Саъд, ота-онам сенга фидо бўлсин...”, деганларида, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу қандай ҳолга тушган эканлар-а..?!
… Табук ғазотида қўшинлар тайёргарлигидан кейин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Усмонга бугундан кейин нима иш қилса ҳам зарар йўқдир”, деганларида, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қандай туйғуни ҳис қилган эканлар-а..?!
… Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кеча сенинг қироатингни эшитаётганимни кўрганингда эди. Оли Довуднинг найларидан бир най сенга берилган-да!”, деганларида, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу қандай ҳолга тушган эканлар-а..?!
… Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Агар барча одамлар бир водийни йўл қилиб тутсалар-у, ансорлар бир дарани йўл қилиб тутсалар, мен ҳам ансорлар йўлини тутган бўлар эдим”, деганларида, ансорлар қандай туйғуларни ҳис қилишган экан-а..?!
… Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ансорларни яхши кўриш иймон белгиси, улардан нафратланиш нифоқ белгиси”, деганларида-чи..? Шунда ансорларни қандай туйғулар ўраб олган экан..?!
… Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Агар Роббимдан бошқани Халил тутадиган бўлсам, албатта Абу Бакр Сиддиқни Халил тутган бўлардим...”, деганларида, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳолатларини тасаввур қила оласизми..?!
… Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
“Сиз учун энг севимли инсон ким?” деб сўралганда, ҳеч иккиланмасдан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг исмлари тилга олинганида, у зот қандай ҳолатга тушган эканлар-а..?!
… Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Эй Билол, мусулмон бўлиб қилган, умидланишга энг лойиқ бўлган амалингни менга айтиб бер. Чунки мен жаннатдаги ўрнимда сенинг оёғинг товушини эшитдим”, деганларида, Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу қандай туйғуни ҳис қилган эканлар..?!
… Бир сафар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига киришга изн сўраганларида:
“Унга изн беринг ва жаннат ҳушхабарини беринг”, деганларида, Умар розияллоҳу анҳу қандай ҳолатга тушган эканлар-а..?!
… Ансорлар-у муҳожирлар, барча саҳобалар эртаю кеч Аллоҳнинг суюкли элчисини кўрганларида қандай ҳолатга тушишган экан..?!
… БУЛАРНИ ТАСАВВУР ҚИЛА ОЛАСИЗМИ..?!