Айрилиқ азоби
13-қисм
Кечаси алаҳлаб ётганида ҳам отаси бошига келади. Дори беради, кейин кўнглини кўтарадиган гаплар айтиб бошида ўтириб чиқади. Шулар ёдига тушиб, йўлакда кўринган онасига салом бермади, онасига қарамай машинасига ўтирди-ю жўнаб кетди.
***
Юлдуз эрталаб туриши билан нонушта тайёрлади, кейин болаларини боғчага ташлаб келди. Қайтиб келса, қайнонаси ҳали дастурхондан турмабди. Телефонини титкилаб, чой ичиб ўтирибди. У фартугини боғларкан қайнонаси сўз қотди.
—Келдингизми? Йиғламай қолишдими? —деди у экрандан бошини кўтармай.
—Анча ўрганиб қолишди, худога шукур, —деди дастурхондаги қуймоқдан бўшаган ликопчаларни йиғиштириб ювар экан у.
—Тушликка нима овқат қилай? Ювилган идишларнинг сувини силкитиб, жавонга жойлай бошлади.
—Билмасам, бирорта суюқ овқат сола қолинг, —деди энг ёмон кўрган саволига умумий жавоб берган аёл.
—Борш қилсам ичасизларми?
—Лавлаги борми? Юлдуз тасдиқлади.
—Ҳа, унда яхши, енгилгина. Қайнонаси телефондан кўзини узиб, уни кузата бошлади.
—Ойижон, —деди Юлдуз каром тўғрар экан—дадам раҳматлик тушимга кирибдилар.
—Худо раҳмат қилсин, жуда яхши одам эдилар. Аёл астойдил, самимий гапирди.
—Шу, биздан мендан, укамдан хафамилар дейман...
—Садақа бериб юборинг, Қуръон тиловат қилинг, болам. Ойингиздан ҳол-аҳвол сўраб қўйинг.
Юлдуз бир лаҳза ҳаракатдан тўхтаб қолди. Қайнонаси сезди. Онаси билан муносабати яхши эмас келинининг. Она-бола деярли гаплашмайди.
Келини янги пайтида кўп келарди қудаси. Ўтириб олганча кетай демас, келинчак онасининг гап-сўзларидан, ҳаракатидан уялиб кетарди. Ўзи ҳам қиз узатиб, бирор марта қудасининг уйига борган эмас. Оралиқ масофани қаттиқ ушлайди. Қизига йўқлов жўнатса ҳам ўғлидан синглисининг уйига кирмасликни, шундоқ дарвозадан қайтишини сўрайди.
Бир куни эрталабдан келиб олган Асилани кўриб малол олди
Юлдузнинг кичик боласи кечаси билан йиғлаб чиққан, бутун оила безовта бўлганди. Тўртта нон кўтариб кирган онасининг сира кетай демаслигини кўрган Юлдузнинг қайнонасига раҳми келди.
—Бироз дам оласизми, ойижон, кечаси яхши ухламадингиз? Меҳмонни ташлаб, туриб кета олмаётган аёл йўқ дегандек бош чайқади.
—Ундан кўра, болани бешикка белаб, менинг олдимга олиб келинг, тебратиб ўтираман, сиз овқатингизни тезлаштиринг. Ойингиз еб кетсинлар.
Юлдуз "Хўп бўлади!" деганча унинг айтганларини сўзсиз бажарди. Ош пишиб, сузилди ҳамки, онаси турай демасди. Бир сабаб билан ташқарига чиққан онасининг қулоғига пичирлади.
—Ойи, илтимос, уйга бора қолинг, қайнонамнинг мазаси йўқ, озроқ дам олмасалар бўлмайди. Қизининг бу гапи Асилага ҳақоратдек таъсир қилди. Хайрни насия қилиб, дарвозадан чиқиб кетди, кейин анча вақтгача қизидан аразлаб юрди.
Юлдуз узатилибдики, онасининг унинг учун алоҳида ҳаракат қилганини эслай олмайди. Келинлик уйида шароит умуман бошқача.. Қайинопаси келадиган бўлса, уйлар яхшилаб тозаланади. Қайнонасининг ўзи тандирда сомса ёпади, Юлдуз аъло навли сарёғу қуюлтирилган сутдан пишириқ пиширади. Икки хил салат, суюқ ва қуюқ таомлар билан кутилади энг азиз меҳмон. Кетаётганида эса тугунига ҳамма нарса солиб берадилар. Қайнонаси ўн беш кунда келадиган қизини мана шундай қарши олади. Унинг онаси бўлса бир ой тўлмасдан келишини истамайди. Шунда ҳам бир кун олдин қўнғироқ қилади.
—Болаларингни қайнонангга ташлаб кела қол...
Дили оғрийди унинг. Эшикдан қисилиб кириб келади.
—Яхши бўлди келганинг, катта уйни яхшилаб тозалаб бер. Ўзи чарчаб келган қиз бир кун ҳам дам олмайди.
Уйига борадиган куни болаларини олиб борса, жудаям хафа бўлади. Онаси ўтириб олиб танбеҳ беради.
—Ҳай, қоч, гулларни юласан.
—Сувни ёп, тошиб кетади!
—Қанақа қулоқсиз боласан, ойнани қўлинг билан ушлама!
—Овқатни тўкиб ема, кетганингдан кейин тозалашга тоқатим йўқ.
—Йиғиштир ўйинчоқларингни!
Болалар парво қилмай, ўйнайверади. Кейин кўчага
—шундоқ дарвоза тагига тўкилган қумда сирпанчиқ учадилар. Онаси энди маҳаллани бошига кўтариб невараларини қарғайди. Юлдуз шундоқ девор-дармиён қўшниси— эрининг амакиси эшитиб қолишидан хавотирга тушади, уялади. Тезроқ уйига кетгиси келади.
Давоми бор
Феруза Салходжаева