⚡️Ижобий хулоса берилганларнинг ҳар учинчиси ипотека бўйича субсидияни ола олмаяпти
Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича субсидия ажратиш механизмини такомиллаштириш масалалари юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига сенатор сўрови юборилганди. Вазирлик 28 март куни сенатор сўровига https://senat.uz/senator-request/post-4797
Сенатор сўрови юборилишига сабаб
Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили мазкур йўналишда айрим муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, 2023–2025 йилларда субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилган 80 минг фуқародан 56,7 минг нафарига 4,6 триллионсўм ажратилган бўлса, 23,3 минги эса турли сабабларга кўра ушбу имкониятдан фойдалана олмаган.
Бунга янги қурилган уй-жойлар нархининг юқорилиги, субсидия асосида таклиф этилаётган уй-жойлар етишмаслиги, объектларни фойдаланишга топшириш муддатларининг ноаниқлиги каби омиллар сабаб бўлмоқда. Шунингдек, ипотека кредити ва субсидия миқдорининг чеклангани, айрим қурувчи ташкилотларнинг мазкур механизмда иштирок этишга қизиқиш билдирмаётгани ҳамда уй-жой нархларини сунъий ошириш ҳолатлари фуқаролар имкониятларини чекламоқда.
Бундан ташқари, субсидия ажратиш тўғрисидаги хабарноманинг амал қилиш муддати (4 ой) айрим ҳолларда етарли бўлмаётгани, айниқса янги қурилаётган уй-жойларда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнлари узоқ вақт талаб этаётгани сенатор сўровида алоҳида қайд этилган.
Шундан келиб чиқиб, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Кобулжон Турсунов ипотека субсидияларини иккиламчи бозорга татбиқ этиш, хабарноманинг амал қилиш муддатини узайтириш, ипотека кредитлари чегараларини бозор талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ва ошириш, субсидия ажратиш жараёнини соддалаштириш ҳамда унинг шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, айрим уй-жойларни субсидия олувчилар учун квоталаш ва улар қамровини кенгайтириш мақсадида қўшимча молиявий манбаларни жалб этиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан асосланган тушунтириш беришни сўради.
Вазирлик жавоби
Унда қайд этилишича, субсидия маблағларини иккиламчи уй-жой бозорига йўналтириш иқтисодий жиҳатдан самарасиздир. Бунда давлат бюджети маблағлари янги уйлар қурилишини рағбатлантириши, бандликни ошириши ва реал секторни ривожлантириши лозим. Билдирилишича, субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати аввалги 12 ойдан 4 ойга қисқартирилгани фуқароларни кенгроқ қамраб олиш ва маблағлардан самарали фойдаланиш имконини берган.
Янги қурилаётган уйлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсадида эса 2026 йилдан ипотека омонати тизимини жорий этиш режалаштирилган. Ипотека кредитлари максимал миқдори 15 фоизга оширилиб, Тошкент шаҳрида 480 млн сўм, вилоятларда 380 млн сўм этиб белгиланган. Субсидия ажратиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, аризаларни кўриб чиқиш инсон омилисиз амалга оширилмоқда.
Вазирлик жавобида субсидия олувчилар қамровини кенгайтириш мақсадида давлат бюджети ҳисобидан қўшимча маблағлар ажратилаётгани, педагоглар ва тиббиёт ходимлари учун алоҳида қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилаётгани ҳам келтириб ўтилган.
Ипотека тизимини янада такомиллаштириш, уй-жой билан таъминлаш кўламини кенгайтириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасидаги ишлар яна давом эттирилиши таъкидланган.
📱 http://ROST24.uz/ 📱 📱
https://www.facebook.com/profile.php?id=61556598202505&mibextid=ZbWKwL
📱
https://www.instagram.com/rost24uz/ 📱
http://youtube.com/@rost24official?si=otmDba5c_KW8ytF9 📱
https://t.me/rost24tez