Ўзбек футболи тараққиётида — зўр-зўр ўйинчилар етишиб чиқишида энг асосий омил — ота-оналардир!
2014 йилдан бери болалар футболи ичидаман. Боласини футболга олиб келиб, нафақат тарбия ва таъминотга, балки тизимнинг ғирром ишларига бошини қўйган — ота-она!
Болалар футболида энг ёмон нарса... мураббийларнинг кўп ўзгариши, қўнимсизлиги, илм ва тажрибасининг йўқлиги.
энг ёмон нарса... кўп мураббийларнинг бола тилини тушунмаслиги, катталардек муомала қилиши...
энг ёмон нарса... ёш боланинг кўп касал бўлиши...
"Ока (ёки кеннойи...), болайиз спортни кўтара олмайди, бошқа соҳага беринг, умри ўтмасин!.."
Ота-она сарсон, қаерга боришни билмайди, кўп бола шу ерда футболдан кетади. Бола 7-10 ёшда бўлади.
энг ёмон нарса... чиқимнинг кўп бўлиши...
"Ока (ёки кеннойи...) болага пул тикмаса бўлмайди..."
Яна бир қанча бола футболдан кетади. Бола 10-12 ёшларда бўлади.
энг ёмон нарса... ўсмирлик даврида кўп боланинг физиологияси орқада қолиши, жинсий гормонлар синтези кечикиши, ўйинда тез ҳолдан тойиши, нафас ололмай ранги оқариб кетавериши...
"Ока (ёки кеннойи), бола тортолмаяпти, кучи етмаяпти..."
Яна бир қанча бола бола футболдан кетади, бу вақтда 13-16 ёшлар атрофида бўлади, анча умри футболда ўтгани ҳеч кимнинг кўзига кўринмайди.
энг ёмон нарса... 17-18 ёшлик тайёр футболчининг жамоаларнинг ўринбосарлари таркибига ҳам олинмаслиги, U-18, U-19... каби.
Ҳеч қаерга қабул қилинмаган 17-18 ёшли йигитчалар ҳаётини 0 дан бошлашга мажбур эканини тушунади.
Лекин, "бу болада бир гап бор, жамоамда олиб юришим керак..." дейдиган мураббийлар ҳам бор, лекин улар кам. Ўша мураббийлар сабаб ўзбек футболининг кўплаб юлдузлари чиқди. Миржалол Қосимов, Одил Аҳмедов, Жамшид Искандеров, Икром Алибоев, Ўткир Юсупов, Абдуқодир Ҳусанов, Жалолиддин Машарипов, Қувондиқ Рўзиев, Беҳрузбек Каримов... рўйхат узун.
Ўзим ҳам бир вақтлар футбол ўйнаганман. Бир нарсага кўп гувоҳ бўлганман.
Бир вақтлар "урилган-сурилган" болалар кейинчалик зўр бўлиб кетган. Ҳозир муваффақиятга эришган аксарият футболчилар тарихини эшитинг, худди шу нарсаларни бошидан кечирган.
Аввало, тақдири илоҳий!
Қолаверса, шу ўйинчилар ота-оналари сабаб шу даражага етиб келишди. Бироқ, улар ҳеч қаерда эсланмайди. Ҳар бир ота-онанинг тарихи бир китоб, бир-бирига ўхшамайди.
Болалар футболи ислоҳ қилинишда давом этиши керак. Натижа эмас, футбол фестиваллари ўтказилиши, иқтидорларга аввало тиббий ва иқтисодий ёрдам берилиши керак!
Балки, вақтлар келиб, бу ота-оналарнинг ҳам хотиралари эълон қилинар.