ШИРИН СЎЗ
Ширин сўзнинг зидди қўполлик ва ҳақоратдир. Биргина қўпол сўз сабаб уруш оловлари ёқилиши, давлатлар ўзаро душманга айланиши, дўстлар ва яқинлар юзкўрмас бўлиши мумкин. Бир инсон томонидан бошқа инсонни сўкиш ҳам аслида қўполликка киради.
Исломда сўкиш, ҳақорат қилиш ва фаҳш сўзларни ишлатиш қатъиян ман этилган ва катта гуноҳ ҳисобланади. Ҳадисларда мусулмонни сўкиш фисқ, яъни итоатдан чиқиш, урушиш эса куфр, деб баҳоланган. Мўмин киши одобли, тилидан яхши сўз чиқадиган ва бошқаларга озор бермайдиган бўлиши лозим.
Расулуллоҳ алайҳиссалом қуйидаги ҳадисларда мусулмонларни сўкишдан қайтарганлар: “Мўмин киши таъна қилувчи, лаънатловчи, фаҳш сўзловчи ва беҳаё бўлмайди" (Имом Термизий ривояти); Бошқа ҳадисларида эса бундай деганлар: "Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келганлигини англатади" (Имом Баззор ривояти).
Шуни унутмаслик керакки, азизлар, сўкишган, сўккан кишилар оилада ҳам, халқ орасида ҳам ўз обрўларини тўкадилар.
Ҳатто ҳакли бўлса ҳам, қайтариб сўкмаслик ва кечириб юбориш афзал ҳисобланади. Ўрнида айтилган биргина ширин сўз сабаб эса, қанчадан-қанча қалбларнинг жароҳати битади, уришганлар ярашади, ўртада аҳилчилик ва биродарлик қарор топади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ширинсўзликка чақириб шундай дейди:
وَقُولُوا لِلنَّاسِ حُسْنًا
"...одамларга ширинсўз бўлинг" (Бақара сураси, 83-оят).
Одамлар бир-бирларига нисбатан ширинсўз бўлса, чиройли муомала қилишса, шайтон уларнинг ўрталарини буза олмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَقُلْ لِعِبَادِي يَقُولُوا الَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ الشَّيْطَانَ يَنْزَغُ بَيْنَهُمْ إِنَّ الشَّيْطَانَ كَانَ لِلْإِنْسَانِ عَدُوًّا مُبِينًا
"Бандаларимга айтинг гўзал (сўзлардан) сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга аниқ душмандир" (Исро сураси, 53-оят).
Динимизда муҳтожларга садақа бериш Аллоҳ таолога севимли амал сифатида қадрланади. Чунки садақа муҳтожни хурсанд қилгани каби ширин сўз ҳам синиқ кўнгилларга қувонч олиб киради. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ширин сўзни садака даражасига кўтарганлар ва шундай деганлар:
الكَلِمَةُ الطَّيِّبَةُ صَدَقَةٌ
"Яхши сўз - садақадир" (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда таом бериш билан ширинсўзликни бирга зикр қилдилар. Чунки инсонларга яхшилик қилиш ширин сўз ва солиҳ амал билан тўлиқ бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан:
مَا الإِسْلَامُ قَالَ: لِينُ الْكَلَامِ، وَإِطْعَامُ الطَّعَامِ
"Ислом нима?", деб сўрашганда "Сўзни мулойим қилиш ва таом едириш", деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).
Яъни Исломдаги энг савобли амаллардан бири ширинсўзлик ва таом едиришдир.
Агар мулойим сўз ва салом бўлмаса, фақат таом бериш билан яхшилик тўлиқ бўлмайди. Агар инсон садақа қилганидан сўнг муҳтожларга сўз билан озор берса, қилган яхшилиги бекор бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تُبْطِلُوا صَدَقَاتِكُمْ بِالْمَنِّ وَالْأَذَى
"Эй, имон келтирганлар! (Берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..." (Бақара сураси, 264-оят).
Гоҳида, миннатли садақадан кўра ширин сўз ва ёрдам бера олмагани учун узр сўраш яхшироқ бўлади. Одамларга яхши сўз билан муомала қилиш кўпинча уларга таом бериш ёки мол беришдан ҳам кўра севимлироқдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ёмонлиги ва қўполлиги билан машхур бўлган одамларга, уларнинг ёмонлигидан сақланиш учун мулойим гапирардилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
إِنَّ شَرَّ النَّاسِ مَنْزِلَةً عِنْدَ اللهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، مَنْ وَدَعَهُ، أَوْ تَرَكَهُ النَّاسُ اتَّقَاءَ فُحْشِهِ (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ)
«Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида одамларнинг энг ёмони - одамлар унинг қўполлигидан қўрқиб узоқлашган кишидир». (Имом Бухорий ривояти).
Шуни ҳам унутмайликки, дағаллик ва қўполлик кибрнинг белгисидир, кибр эса, катта гуноҳларга киради. Мулойим сўзлаш гўзал ахлоқнинг белгисидир. У саховат, озор бермаслик, камтарлик ва сабрни ифодалайди.