Жаннат йўлида қалблари улфат қилинган азиз онажонлар, азиз опа-сингиллар, гўзал қизларим!
Келинг, улуғ айём — савоби беҳисоб бўлган, Аллоҳ таоло малоикалар олдида мақтайдиган, динимиз комил қилинган кунда солиҳ амалларимизни гўзал тарзда ўтказиш учун Арафа кунининг режасини биргаликда тузиб чиқамиз.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилди:
﴿الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا﴾
“Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин сифатида рози бўлдим”.
Арафа кунини ғофиллик билан эмас, режа билан, қалб ҳозирлиги билан ўтказайлик.
Сешанба куни тонг отмасидан, фажр намозидан бир ёки ярим соат аввал туришга ҳаракат қилинг.
Аллоҳ таоло Аъроф сураси 31-оятида шундай марҳамат қилади:
“Эй Одам болалари! Ҳар бир намоз пайтида зийнатланингиз, еб-ичингиз, лекин исроф қилмангиз. Албатта, Аллоҳ исроф қилувчиларни яхши кўрмайди”.
Юқори кайфиятда, қувонч билан таҳоратингизни чиройли қилиб олинг. Таҳоратдан кейинги дуоларни ўқиб, энг чиройли жойнамозингиз устида энг озода, кенг либосларингизни кийинг. Шу кунга етказгани учун Аллоҳга шукр қилинг.
Сўнг қодир бўлганингизча намоз ўқиб, Аллоҳдан бу кунда чиройли амаллар қилишга ёрдам сўранг. Чунки Аллоҳнинг мададисиз инсон бирор яхши амалга қодир бўла олмайди.
Саҳарликни албатта қилинг. Оз бўлса ҳам, бир дона хурмо билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг. Чунки бу куннинг рўзаси икки йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Фажр намозидан аввал уйингиздаги эркакларни масжидга юбориб, ўзингиз намоз вақти киргунча истиғфор билан машғул бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло саҳарларда истиғфор айтган бандаларни яхши кўради.
Азонни эшитганингизда уни такрорланг ва Расулуллоҳ ﷺ ўргатган дуони ўқинг. Сўнг фажр намозини хушуъ билан адо қилинг.
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
“Фажрнинг икки ракаат суннати дунё ва ундаги барча нарсалардан яхшироқдир”.
Намоздан кейин тонгги зикрларни ўқиб, жойнамоз устида қуёш найза бўйи кўтарилгунча ўтиринг. Тахминан бир соат ёки бир ярим соат.
Бу вақтни:
• Қуръон тиловати,
• истиғфор,
• тасбеҳ,
• таҳлил,
• дуо билан ўтказинг.
Сўнг туриб икки ракаат ишроқ намозини ўқинг.
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
“Ким бомдод намозини жамоат билан (аёллар уйларида)ўқиб,сўнг қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракаат намоз ўқиса, унга тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ ҳаж ва умра ажри бўлади”.
(Имом Термизий ривояти)
Ишроқ намозидан кейин бир жуз бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинг. Агар чарчаган бўлсангиз, ибодатга куч тўплаш нияти билан бироз дам олинг.
Қуёш қиздиришни бошлаганда зуҳо намозини ўқинг. Икки ракаатдан, қодир бўлганингизча.
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо дедилар:
“Расулуллоҳ ﷺ зуҳо намозини тўрт ракаат ўқир эдилар ва Аллоҳ хоҳлаганича зиёда ҳам қилардилар”.
(Имом Муслим ривояти)
Яна Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
“Ҳар бир бўғин учун садақа лозимдир… икки ракаат зуҳо намози эса буларнинг ўрнини босади”.
(Имом Муслим ривояти)
Арафа кунида энг кўп қилинадиган амаллардан бири — дуодир.
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
“Дуоларнинг энг яхшиси — Арафа кунидаги дуодир. Мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган энг яхши сўз:
«لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ»”.
Шунингдек, бу дуони ҳам кўп айтинг:
«اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي»
“Аллоҳим! Сен афв этувчисан, афвни яхши кўрасан, мени афв этгин”.
Арафа куни — гуноҳлар кечириладиган, дўзахдан озод қилинадиган буюк кундир.
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
“Аллоҳ Арафа кунидагидан кўра кўпроқ бандаларни дўзахдан озод қиладиган бошқа кун йўқ”.
(Имом Муслим ривояти)
Пешин азони айтилганда азон дуосини ўқиб, пешиннинг суннат ва фарзларини хушуъ билан адо қилинг. Намоздан кейинги зикрларни ҳам тарк қилманг.
Имкон қадар асргача Қуръон тиловати билан машғул бўлинг.
Асрдан аввал икки ракаатдан тўрт ракаат намоз ўқинг
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
«رَحِمَ اللَّهُ امْرَأً صَلَّى قَبْلَ الْعَصْرِ أَرْبَعًا»
“Асрдан олдин тўрт ракаат намоз ўқиган кишини Аллоҳ раҳмат қилсин”.
(Абу Довуд ва Термизий ривояти)