Олий суд бундай ишларга жуда жиддий қарайди
Бугун
https://t.me/mehnathuquqi Олий суддаги муҳим ишда ютуққа эришди ва кузатувчиларига берган ваъдасининг устидан чиқди.
У Андижондаги ноқонуний бўшатилган мактаб директорини, 4 нафар норасиданинг онасини судда ҳимояга олган эди. Ишга тиклашга асослар етарли эди. Қаранг, ходимдан 2025 йил 23 август куни ишдан бўшаш ҳақида ариза олишган, аризада 25 августдан ишдан бўшатиш сўралган. Энг муҳим жойи, ходим охирги куни, яъни 25 август куни соат 12.00 да аризани чақириб олиш ҳақида қайта ариза берган. Бу ариза иш берувчи томонидан расман қабул қилиб олинган, қабул қилинганлиги ҳақида белги ҳам қўйилган.
Меҳнат кодексининг 160-моддаси олтинчи қисмида ходим сўнгги куни иш вақти тугагунига қадар ходим ўзи берган аризани чақириб олишга ҳақли эканлиги белгиланган. Бизнинг вазиятда мактаб директори юқоридаги қоидага мувофиқ, охирги куни, яъни 25 август куни иш вақти тугагунига қадар берган аризасини чақириб олган. Шундай ҳолатда, ходимни ўз ташаббусига кўра ишдан бўшатиш қонуний бўлиши мумкинми? Йўқ, албатта! МК 160-моддаси олтинчи қисми бунга йўл қўйилмаслигини аниқ қилиб кўрсатиб қўйган.
Афсуски, Андижондаги судьяларимиз қонунбузарлик аниқ-равшан кўриниб турган бўлсада, ходимнинг ишга тиклашга оид даъво талабларини асоссиз равишда рад қилган. Ўшанда эслаган бўлсангиз, Мухаммадамин охиригача боришини, ҳаммаси Олий судда ҳал бўлишини айтган эди.
Шундай бўлди ҳам. Ниҳоят, бугун Мухаммадамин укамиз ва собиқ мактаб директорининг қувончига шерик бўлдик. Бугун Олий суд судьялари Ойбек Қодиров, Гулнафис Худойбердиева ва Абатбай Аятовлар қуйи судларнинг қарорларини бекор қилиб, ходимни ўз ишига тиклаш ҳақида қарор чиқарди.
Суд ҳимоядаги асосий позицияга, яъни ходим аризани чақириб олиш ҳақида кейинги аризани тўғри берган ва бундай ҳолатда, ходимни ишдан бўшатиш ноқонуний бўлган деган важга тўлиқ қўшилди.
Суд бўлаётганда мен ҳам бор эдим, жараённи бироз кузатдим. Лекин, кейинги мажлислар залидаги бошқа бир ишимизга чақириб қолишди. Суд қарори ўқилгандаги энг эмоционал жойларини кўролмай қолдим. Кейинроқ чиқиб қарасам, натижа кутилганидек зўр бўлибди. Жуда ҳурсанд бўлдим.
👉