Бу дунё бир ажиб маскан, муҳаббат бор, саодат йўқ.
Муҳаббатдан келиб чиққан жиноят бор - адолат йўқ!
Бу дуёда адолат излаган инсон билиб қўйсин!
Ҳақ йўлида балолар бор, мусибат бор - шикоят йўқ!
Адолат соҳиби вақти ибодатда шаҳид бўлди,
Адолат қонуни шундай, шаҳодат бор - ҳазимат йўқ!
Ажибки, қиймати ҳеч бир кафанлик бўлмаган ерда,
Ким ўзарга мол устида, рағобат бор - ҳазорат йўқ!
Агар инсон ўзин тупроқдан устун билди, шайтондир.
Такаббурга қиёматда мазаммат бор - шафоат йўқ!
Эй ҳазрати бани Одам, кўзни оч тез бу ғафлатдан,
Ибодатдан талаб қилсанг-ки, лаззат бор - шақоват йўқ!
Тамоми неъмати дунё, сузиб юрган булут гўё,
Суръати тездир, ичи бўш, шу сурат бор - кафолат йўқ!
Беҳиштнинг боғларин сотма, жаҳаннам ўтига, эй воҳ!
Бу янглиш бир тижоратдир, хасорат бор - ғанимат йўқ!
Тилингда «Аллоҳ-Аллоҳ», асли кўнгил зиёратгоҳ,
Сенинг қалбингдачи, эй дўст, саёҳат бор - зиёрат йўқ!
Онанг қорнида ётганда нафас берсайди ўлмишдинг,
Бугун нафасла ҳаётсан, далолат бор - садоқат йўқ!
Ўтар ойлар, ўтар йиллар, ибрат олмоқ вақти эй жон,
Нафасдандир саноқ умринг, хиёнат бор - омонат йўқ!