#маромийлик
Ижтимоий нормалар ва жамоавий тартиб назарияси
Турмуш тарзимизда маромийлик — бу фақат шахсий интизом эмас, балки жамият барқарор ишлашига хизмат қиладиган муҳим омилдир. Жамоат транспортида навбат сақлаш эса унинг кундалик кўринишидир. Видеода япон жамиятидаги оддий бекатда туриш маданиятини кўряпсиз.
Навбатда туриш нима учун керак?
Аввало, у ресурсларни адолатли тақсимлаш учун. Жамоат транспорти чекланган ресурс бўлиб, “биринчи келган — биринчи хизмат олади” тамойили адолат ҳиссини кучайтиради. Ижтимоий психология тадқиқотлари адолатли муҳитда стресс камайиб, ишонч ортишини кўрсатади.
Иккинчидан, навбат ҳаракатни тартибга солади. Назоратсиз оқим “тирбандлик эффекти”ни келтириб чиқаради, навбат эса оқимни прогноз қилинадиган қилади ва хизмат тезлигини оширади.
Бу жараён илмий жиҳатдан “навбат назарияси” орқали ўрганилади. У кутиш вақти, хизмат тезлиги ва навбат узунлиги ўртасидаги боғлиқликни тушунтириб, тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Учинчидан, навбат ижтимоий зиддиятларни камайтиради. Аниқ қоидалар ўзаро ҳурматни шакллантириб, конфликт эҳтимолини пасайтиради.
Тўртинчидан, бу маданият кўрсаткичидир. Кичик одатлар — навбат сақлаш, қоидаларга риоя қилиш — жамиятдаги ишонч ва тартиб даражасини белгилайди.
Минг афсус, юртимизда бу маданият ҳар доим ҳам етарли эмас. Уни яхшилаш учун бекатларда аниқ белгилар жорий қилиш, тушунтириш ишларини кучайтириш, боғчадан то вазирлик-идораларгача, ҳатто нуронийларгача кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, рағбат ва назорат чораларини қўллаш, электрон навбат тизимларини кенгайтириш зарур.
Хулоса қилиб айтганда, навбатда туриш маданияти ўз-ўзидан шаклланмайди — у шароит, тарбия ва тизимли ёндашув орқали ривожланади. Шу омиллар биргаликда ишлаганда, жамиятда тартиб ва ўзаро ҳурмат мустаҳкамланади. Шундай экан навбатда туришни билмайдиган инсонларга босимни кучайтиринг, тартибга келтириш учун ҳаракат қилаётган одаларни қўллаб қувватланг!
Унутманг, тартибни бузмаслик — шахсий масъулият, уни қўллаб-қувватлаш эса жамоавий вазифадир.
Тафаккур қилинг!
Социолог, Сухробхўжа Хидиров
https://t.me/Xidirovformat