Яқин Шарқдаги зиддият: 2 апрель ҳолатига кўра асосий воқеалар
Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувнинг иккинчи ойи аввалги ҳафталардаги каби давом этмоқда: музокаралар ҳақидаги баёнотлар яна таҳдидлар билан алмашмоқда, коалиция Эронга зарбалар беришда давом этмоқда, Теҳрон эса бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишда жавоб қайтармоқда.
Эронда коалиция зарбалари остида Машҳад, Табриз, Теҳрон, Караж ва Исфаҳон туманлари қолди. Исфаҳонда ракета объектига берилган зарбалардан сўнг бир суткадан ортиқ вақт давомида иккиламчи портлашлар кузатилди. АҚШ томони Кешм оролига эътиборни кучайтирмоқда, бу ҳолат эҳтимолий десант тушириш ва Ҳурмуз бўғозини блокдан чиқаришга тайёргарлик мантиқига мос келади.
Теҳронда Вашингтоннинг ультиматив риторикасига тайёр эмасликларини билдиришди. Дональд Трампнинг янги таҳдидларидан сўнг, Эрон қўмондонлиги вакили Эбраҳим Золфагари ҳарбий ҳаракатлар давом этишини,қурол-яроғ захиралари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ишлаб чиқариш қувватлари АҚШ ҳамда Исроил ўйлаганидан кўра чуқурроқ жойлаштирилганини маълум қилди.
Шу билан бирга, Эрон томони нишонлар доирасини кенгайтирмоқда. Баҳрайндаги «Batelco» объектига берилган зарбалардан сўнг, Теҳрон минтақадаги йирик Ғарб IT-компаниялари инфратузилмасини кейинги зарбалар учун нишон сифатида белгиламоқда.
Жанубий Ливанда Исроил томони олға силжишда давом этмоқда, аммо суръат паст. Бир сутка ичида Айната ва Кабриха назорат остига ўтди, кечга бориб эса Байт-Лиф ва Рашаф қисман эгалланди. Бироқ кейинги олға силжиш дронлар ва танкларга қарши бошқариладиган ракета тизимлари ҳужумлари билан тўхтатилмоқда. «Ҳизбуллоҳ» бўлса техникадан кўра кўпроқ Исроил пиёда қўшинларига зиён етказишга урғу бермоқда.
Ироқда эронпараст гуруҳлар яна «Виктория» базаси ва «Ал-Ҳарир» авиабазасига, шунингдек, Эрбиль, Даҳук ва Сулаймониядаги объектларга зарба беришди. АҚШ бунга Анбардаги «Ал-Ҳашд аш-Шааби» позицияларига авиазарбалар билан жавоб берди, аммо «қаршилик» томонининг эскалация суръати АҚШнинг жавоб чораларидан ортиқроқ экани кўзга ташланмоқда.
Форс кўрфази давлатлари орасида Баҳрайндаги ҳужум энг кўп диққатни тортди: «Мин Салмон» базаси, Манама туманлари ва Муҳаррақдаги саноат объектлари зарба остида қолди. Эрон бу ерда диний омилдан фаол фойдаланиб, аҳолисининг салқинли қисми «қаршилик ўқи»га хайрихоҳ бўлган мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Шу билан бирга, энергетик логистика устидан назорат учун кураш давом этмоқда. Ироқ Сурия орқали автоцистерналарда нефть етказиб берилишини эълон қилди, бироқ бу ҳажмлар илгари Ҳурмуз орқали ўтган оқим билан солиштирганда камроқ кўринади. Бўғоз орқали ўтиши мумкин бўлган кемалар рўйхатига Осиёнинг янги давлатлари қўшилмоқда, бироқ қарорлар ҳамон танланма тарзда ва қўлда бошқарилмоқда.
Айни пайтда Москвада Саудия Арабистони ва Миср билан нефть, озиқ-овқат ва энергетика масалалари муҳокама этилди, минтақавий инқироз фонида алоқалар барқарорлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилинмоқда.
Конфликт перифериясида бошқа воқеалар ҳам юз бермоқда. БААда «Жайш ал-Ислом»нинг собиқ раҳбари Иссам ал-Буайданий иши бўйича навбатдаги мажлис бўлиб ўтди, унинг эмарат қамоқхонасида қолиши маҳаллий ҳокимият ва Сурия томони учун анчадан буён ноқулайлик туғдирмоқда.
🔗