Араблар қадимдан хушбўй тутатқи (бахур) сифатида ишлатиб келадиган лубон деб аталадиган елимсимон модда бор. Мазкур модда лубон дарахти ўзидан чиқарадиган ширалардан олинади.
Лубон дарахти (илмий тилда: "Boswéllia sácra") турли тиллларда турлича номланади. Масалан, руслар "ладанное дерево" (ладан дарахти) деб атасалар, инглизлар "olibanum tree" дейдилар. Бу сўздаги о ҳарфи араб тилидаги аниқлик артикли ал қўшилиб ал-лубон деб аталишидан келиб чиққан. Албатта, "olibanum" инглизчага бошқа тиллар орқали кириб келган, аммо келиб чиқиши араб тилидаги "ал-лубон" сўзига бориб тақалади.
Лубон дарахтидан олинадиган смолани араблар хушбўй тутатқи сифатида ишлатадилар. Унинг фойдалари кўп бўлиб, нохуш ҳидни кетказади, хонани хушбўй қилади ва турли бактерияларни ҳам ўлдиради. Ундан нафас олинганда нафас йўлларига ҳам фойдаси бўлади.
Лубон дарахти асосан Араб Яриморолининг жанубида: Ўмон (سلطنة عمان) ва Яманда ўсади. Ўмон лубони энг қиммат ва энг машҳурларидан бири ҳисобланади.
Лубоннинг яна бир қўлланими унинг сақич сифатида чайналишидир. Демак, лубон маҳсулотини нафақат тутатқи учун балки, табиий сақич сифатида ҳам ишлатиш мумкин. Бунда оғиз бўшлиғидаги нохуш ҳидлар йўқолади, милк ва тишларга фойда бўлади ҳамда оғиздаги турли бактериялар йўқолади. Шунингдек, нафас йўллари ва ҳазм қилиш тизими ҳам яхшиланади.
Босвеллия дарахтининг турлари жуда кўп. Ҳиндистонда ўсадиган тури "аррасимон лубон" (Boswellia serrata) ёки ҳинд ладани ёхуд ҳинд лубонидан олинадиган смола араб лубонидан кўра таъми бироз аччиқроқ ва ҳиди ўткирроқ бўлиб минг йиллардан бери Ҳиндистон халқ табобати (Аюрведа)да яллиғланишга қарши ва айнан мушак, бўғим ва асаб толаларини даволашда ҳамда нафас йўли муаммоларини даволашда тиббий восита сифатида қўлланиб келади.
Ҳиндистон ладанини форслар "кундури ҳиндий" деб атайдилар.
Яна бир қизиқ масала шуки, араблар қадимдан табиий сақич чайнаганлар ва улар мазкур сақичларни юқорида зикр қилинган лубон дарахтидан олганлар. Уни кундур ёки лубон тошлари деб атаганлар.
Машҳур табиб, руҳий тарбия олими ва ҳанбалий мазҳаби фақиҳларидан Ибнул Қоййим "Зодул Маъод"да лубон сақичининг инсон организмига кўплаб фойдаларини зикр қилар экан, унинг ҳазм тизимини яхшилаши, хотирани кучайтириши, танадаги хабис яралар ва хавфли ўсмалар тарқалиб кетишининг олдини олиши, ўпкага йиғилган рутубатни кетказиши, балғамни қуритиши, кўзни равшан қилиши каби фойдаларига тўхталади.
Фиқҳий китобларимизда ҳам табиий сақичлар чайнаш масаласи кўп бора зикр қилинган. Бу эса сақич қадимдан мусулонларда бор бўлганини кўрсатади.
Аслида, сақич чайнаш эркагу аёл учун баробар мубоҳ ва жоиз саналади, албатта рўзадор ҳолат мустасно.
Бироқ, баъзи фақиҳларимиз жамоат жойларда эркакларнинг сақич чайнашини ҳайбатни кетказувчи, олийжанобликка путур етказувчи иш сифатида кўрганлари боис, улар бу ишни эркаклар учун макруҳ деб билганлар. Аммо, масала ихтилофлидир. Боз устига, мазкур кароҳатдан мурод асло таҳримий кароҳат эмас, балки, танзиҳий кароҳатдир. Ҳолбуки, масаланинг асли мубоҳ эканлигидир.
Эркаклар учун кареҳ кўриб аёллар учун кароҳатсиз мубоҳ дейишларининг сабаби эса аёллар кўпроқ уйда бўлиб, кўпчиликка аралашмай юришларидан келиб чиққан.
Баъзилар эса бу фикрни яъни сақич чайнаш эркаклар учун макруҳ кўрилганлиги ҳақидаги қавлларни қўллаб-қувватлаш учун ҳадислар тўқиб, бу ишни Лут қавмининг амалига менгзатганлар. Ва ҳатто уни ҳаромга ҳам чиқарганлар бўлган. Бироқ, бу ҳақдаги ҳадисларнинг бирортаси саҳиҳ эмас ва бир қанчаси эса ҳадис олимлари тарафидан турли китобларда уйдирма эканлиги тасбит қилинган.
Юқорида айрим ҳанафий фақиҳлар сақич чайнаш эркаклик ҳайбатини кетказиши ҳақидаги мулоҳазадан келиб чиқиб, уни макруҳ деганларини айтдик. Мана шу сўзлар туфайли айрим мусулмон жамиятларда яқин-яқингача ҳам сақич чайнаш фақат аёлларга хос бўлган зоҳира (феномен) сифатида мустаҳкамланиб қолган эди, қадимдан. Ҳатто, баъзи фиқҳий китобларимизда аёллар мисвок ўрнига ҳам сақич чайнаши мумкинлиги айтилган. Чунки, мисвок қаттиқлиги туфайли уларнинг оғиз бўшлиғига зарар етказиши мумкин.