Ҳадис дарслари (40-дарс)
Аллоҳ Исломдан бошқа динни қабул қилмайди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
«Ким Исломдан бошқа динни истаса, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўрувчилардандир», деган.
(«Оли Имрон» сураси, 85-оят).
Аллоҳ таоло Исломгача динларни маълум муддатга ва маълум миллатга юбориб келди. Шу йўл билан инсониятни аста-секин тарбия қилиб келди. Ҳар бир шариат ўз вазифасини ўтаб бўлгач, ортидан ундан мукаммалроғини юбориб турди.
Ниҳоят, инсоният вояга етди, камолотга эришди. Энди вақтинчалик, маҳдуд шариатлар талабга жавоб бера олмайдиган ҳолат юзага келди. Камолга етган инсониятга баркамол дин керак эди. Бу дин инсониятнинг барча талабига жавоб бериши, эҳтиёжларини доимий равишда қондириб бориши керак эди. Аллоҳ таоло Исломни ана ўша талабларга жавоб берадиган, қиёматгача боқий қоладиган дин қилиб юборди.
Бошқа динлар аллақачон амалдан қолган эди. Биргина Масиҳий дини Исломдан олдинги дин сифатида ҳукми жорий эди. Лекин у ўзининг асл ҳолини Ийсо алайҳиссаломдан кейиноқ йўқотган эди. Ислом келиши билан у ҳам насх қилинди (амалдан қолдирилди). Буни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи амалга оширди.
Ушбу оят билан Исломдан бошқа динни қабул қилмаслигини эълон қилди. Чунки ягона Аллоҳнинг битта ерида Унинг инсон номли битта махлуқига икки ёки бир нечта дин бўлиши мумкин эмас эди. Охирги дин, мукаммал дин, боқий дин – Ислом қиёматгача ҳар бири банда эътиқод ва амал қилиши лозим бўлган дин бўлиб қолди. Бошқа динлар амалдан қолди. Уларга эргашганларнинг амали қабул қилинмайди. Бошқа динларнинг бугунги бузуқ ҳолида ҳам уларнинг охирги дин эмаслиги, кейин яна дин келиши айтилган. Улар ўша ўз китобларида келиши айтилган зотнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эканликларини, ўша ваъда қилинган дин эса Ислом эканлигини тан олмаяптилар, холос.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ فَإِذَا فَعَلُوا ذَلِكَ عَصَمُوا مِنِّي دِمَاءَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ إِلَّا بِحَقِّ الْإِسْلَامِ وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен одамлар билан токи улар «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтиргунларигача, намозни тўкис адо қилгунларича ва закотни берадиган бўлгунларича урушга амр қилиндим. Қачонки шуни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар. Магар Ислом ҳаққи ила бўлса (сақлай олмайдилар). Ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасидадир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менга амр қилинди» деган сўзлари «Аллоҳ менга амр қилди» деган маънода айтилган, чунки у зотга Аллоҳдан бошқа амр қилувчи йўқдир.
«Одамлар» деганлари эса, кўпчилик уламоларнинг иттифоқ қилишларича, Ҳарамайн ҳудудида яшаган бутпараст мушрикларни билдиради.
Имом Насаий қилган ривоятда: «Мушриклар билан уруш қилишга амр қилиндим», дейилган. Сўнгра Қуръон ҳукми билан аҳли китоблар жизя берсалар, улар билан уруш қилинмаслиги маълум ва машҳур. Демак, бу ҳадисда «одамлар» деганда дунёдаги барча одамлар тушунилмас экан.
Дарҳақиқат, бу ҳукм Арабистон ярим оролидаги мушрикларга нисбатан қўлланилган. Улардан жизя ҳам олинмаган, улар билан сулҳ ҳам тузилмаган. Ислом ёки урушдан бирини танлаш таклиф қилинган. Тавҳид калимасини айтиб, Исломни қабул қилсалар, улардан намозни тўкис адо этиш, закот бериш ва бошқа амалларни қилиш талаб этилган. Закотни беришдан бош тортган баъзи қабилаларга Абу Бакр Сиддиқ даврларида уруш ҳам эълон қилинган.
Батафсил: 🔗 https://islom.uz/dars/165/qism/823
«Ҳадис ва Ҳаёт» 2-жуз. Ислом ва иймон китоби.
📚 🕋
https://t.me/islomuz