ЎЗБЕК АДАБИЁТИ ИСТЕЪДОДЛАРГА МУҲТОЖ!
Ижодкор учун ҳар қандай ҳолатда ҳам адабий муҳит яхши бўлсагина, ижоди очилаверади. Кундан-кунга сайқал топаверади. Борди-ю, унда эркинлик бўлмаса, бу айтганларимизнинг акси бўлиши мумкин. Келгусида халққа бирон ўқишга арзигулик нимадир қолдираман деганлар ўзига муҳит яратиб бориши лозим. Ҳар қандай қийинчиликларга тайёр бўлиши ҳам керак бўлади.
Барчамизга аёнки, шоирлик ёки ёзувчилик касб эмас. Бу – инсониятга берилган илоҳий неъмат. Буни қадрлаш керак. Ҳар ким ҳам шоир ёки ёзувчи бўлавермайди. Уч-тўртта қоралама ёзиб қўйса, шоир ё носир бўлди дегани эмас! Бунинг учун катта меҳнат талаб қилинади. Кўп ўқиш, кўп изланиш ва кўп ёзиш керак... Агарда буларни қилмаса, ўртамиёна бўлиб қолаверади. Ахир, Ҳазрат Навоий: «Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур» деб бежизга айтмаганлар! Бу байтларнинг замирида улкан маъно ётганини англаб етмоғимиз даркор!
Хўш, адабий муҳит ўзи нима? Адабий муҳит бу – ижодкор учун қулайлик, уни ижод қилишиги халақит бермаслик, унга шароит яратиш, энг аввало – ЭРКИНЛИК! Ҳўп, буларнинг ҳаммаси унда бўлсаю, ёзишга истеъдод етарли даражада бўлмаса, бордию, истеъдоди бўлиб, унда муҳит яратилмаган бўлса-чи. Бунақаси учраб туради. Айнан катта истеъдод соҳибларида кузатилади. Шунинг учун улар пана-панада қолиб, ўртамиёналар юқорида тураверади (бугун мана шундайлар анча уруғлаган). БУ АЧЧИҚ ҲАҚИҚАТ! Ҳозирги кунда бизларга ўртамиёналардан кўра, ўша «пана-панада» турган истеъдодлар сув ва ҳаводек зарур! Бунга адабиётимиз ҳам муҳтож!
Мана ўзим яшаб-ўсган жойимдан мисол қилиб келтирсам. Туманимизда ҳам адабий муҳит унчалик қониқарли даражада эмас (Шаҳрихон тумани). Кўп истеъдодли ёшлар чет мамлакатларга пул топиш илинжида чиқиб кетган (тирикчиликнинг айби йўқ). Барибир уларда ёзишга истеъдоди бор эди. Шунга ачинаман холос... Шаҳрихон туманида Шаҳзод Набиев деган бир ёш шоир бола бор, шеърлари анча пишиқ. Ёшига мос! Унинг ёзганларини ҳеч иккиланмай шеър деса бўлади (яхши ёзадиганлардан мана шу болани биламан). Лекин, у ҳам бугун тирикчилик илинжида. Оила боши! Бундан келиб чиқадики, бизнинг туманда ҳам адабий муҳитнинг оёғи осмондан. Қолган жойларни билмадим.
Хулоса ўрнида шуни айтишим мумкин, маънавияти юқори зиёли инсонлар кўпайгани сари давлат ҳам ривожланишдан асло тўхтамайди. Албатта буни, ҳар бир ижодкори бор жойнинг мутасаддилари тушунсагина!
Аббос СУЛТОНОВ, журналист.
|
https://www.instagram.com/mushtum_jurnalii/ |
https://www.youtube.com/@MushtumJurnali |
https://www.facebook.com/profile.php?id=100093219582852