Ҳорун ар-Рашид ва Лайс ибн Саъд қиссаси
Ҳорун ар-Рашид ғазаб остида хотинига қарата:
«Агар мен жаннат аҳлидан бўлмасам, сен талоқсан!» – деди.
Сўнгра қилган гапидан қаттиқ пушаймон бўлди, чунки у аёлини жуда яхши кўрарди. Аёли ҳам бу гапдан қаттиқ қайғуга ботди. Шундан сўнг Халифа фатво беришлари учун олимларни ҳузурига тўплади.
Олимлар унга: «Орамизда ким ҳам сизга жаннат аҳлидан эканингиз ҳақида фатво беришга журъат қила оларди? Хотинингиз талоқ бўлибди», — дейишди.
Ҳорун ар-Рашиднинг дунёси тор бўлиб қолди ва аъёнларига: «Бутун Бағдодда бирорта олим қолмадими?!» — деб ҳайқирди.
Улар: «Бир олим бор, анчадан бери одамлардан узлатга чекинган, исми Лайс ибн Саъд», — дейишди. (Лайс ибн Саъд ўз замонининг энг машҳур фақиҳларидан бўлиб, Мисрда туғилиб ўсган ва ўша ерда вафот этган. У илм ва фиқҳда Мадина имоми Молик ибн Анасдан ҳам устун бўлган, бироқ шогирдлари унинг илмини Имом Моликнинг шогирдлари каби сақлаб қолишмаган. Имом Шофеий у ҳақида: «Лайс Моликдан кўра фақиҳроқ эди, фақатгина шогирдлари унинг илмини ёйишмади», деган экан).
Ҳорун ар-Рашид: «Уни ҳузуримга келтиринглар!» — деб буюрди.
Лайс ибн Саъд кириб келганда, бошқа олимлар унинг ҳурмати учун ўринларидан туриб, сўнг қайтиб ўтиришди (бу ўша даврда олимларга нисбатан кўрсатиладиган юксак эҳтиром белгиси эди). Унга масала баён қилинди.
Лайс аввал Ҳорун ар-Рашидга, кейин олимларнинг юзига қаради ва:
— Эй мўминлар амири, сиз билан холи қолишни истайман, — деди. Мажлисдагилар чиқиб кетишди.
Лайс Халифага деди:
— Эй мўминлар амири, қўлингизни Аллоҳнинг Китоби (Қуръон) устига қўйинг ва менга фақат рост гапиришга қасам ичинг.
Ҳорун ар-Рашид қасам ичди. Шунда Лайс деди:
— Эй мўминлар амири, Аллоҳга қасамки, сиздан шубҳаланганим учун қасам ичирмадим, сизнинг сўзингиз ростлигини биламан. Лекин нафсингиз сизни алдаб қўймаслигини истадим. Сиздан Аллоҳ номи билан сўрайман: ҳеч қачон ҳеч ким йўқ жойда, ёлғиз қолганингизда Аллоҳни эслаб, Ундан бошқа ҳеч кимни хаёлингизга келтирмай, соқолингиз ҳўл бўлгунича кўз ёши тўкканмисиз?
Ҳорун ар-Рашид:
— Ушбу Китобни нозил қилган Зотга қасамки, бу ҳолат менда кўп бор такрорланган, — деб жавоб берди.
Лайс деди:
— Ундай бўлса, Аллоҳнинг Китобини очинг ва «Раҳмон» сурасига қаранг.
Халифа очди. Лайс:
— Аллоҳ таолонинг: «Роббисининг ҳузурида туришдан (ҳисоб-китобдан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон сураси, 46-оят) деган сўзини ўқинг, — деди.
Сўнгра унга битта эмас, Қуръоний далил билан иккита жаннат хушхабарини берди. Лайс: «Энди олимлар кираверишсин», деди ва улар қайтиб киришди.
Лайс олимларга қараб: «Аллоҳга қасамки, сизни паст санаганим учун чиқариб юбормадим. Фақат мўминлар амири билан холи қолиб, нафси уни алдаб қўймаслигини (яъни, чин дилдан қўрқишини тасдиқлашни) хоҳладим», — деди.
Барча олимлар Лайс ибн Саъднинг бу фатвосини тўғри деб эътироф этишди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳдан қўрқиб бир томчи ёш тўкишим, мен учун минг динор садақа қилишимдан суюклироқдир».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши дўзахга кирмайди».
Тарих қиссалари болалар ухлаши учун эмас, балки эркаклар уйғониши учун айтилади!
Аллоҳим, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар бўлсин...
https://t.me/tuhur