🤩 Жаҳон банкида Ўзбекистоннинг статистика соҳасидаги ислоҳотлари ва натижалари тақдим этилди
2026 йил 15 апрель куни Жаҳон банки гуруҳининг Вашингтон шаҳридаги штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг статистика соҳасидаги ислоҳотлари ва натижаларига бағишланган “Inside Uzbekistan’s Data Systems Transformation: Reforms, Innovation, Impact” мавзусида гибрид форматда тақдимот бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси раиси, БМТ Статистика комиссияси Бюроси раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев иштирок этиб, мамлакатимизда статистика тизимини ислоҳ қилиш, уни замонавий босқичга олиб чиқиш ҳамда маълумотларга асосланган давлат бошқарувини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маъруза қилди.
Тадбир давомида Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли статистик ислоҳотлар, маълумотларни шакллантириш ва қайта ишлаш жараёнларини модернизация қилиш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш, маъмурий маълумотлар тизимлари билан интеграцияни кучайтириш, тадбиркорлик субъектлари учун ҳисобот юкини қисқартириш, шунингдек, инновацион, жумладан сунъий интеллект асосидаги ечимлардан фойдаланиш масалалари атрофлича ёритилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда миллий статистика тизимини тубдан янгилашга қаратилган ислоҳотлар мамлакатда кечаётган жадал ўзгаришлар билан уйғун тарзда амалга оширилмоқда. Хусусан, 2026 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилди. Мазкур жараён рақамли ечимлар асосида ташкил этилгани, унинг натижалари эса келгусида сифатли статистик базани шакллантириш, танланма кузатувларни такомиллаштириш ва аниқ маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Шу билан бирга, тақдимотда институционал ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Статистика агентлигининг Миллий статистика қўмитаси сифатида қайта ташкил этилгани, Статистика кенгаши ва Трансформация офиси фаолияти йўлга қўйилгани, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқликни кучайтиришга қаратилган ёндашувлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, тадбир доирасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган Статистикани ривожлантириш миллий стратегиясининг устувор йўналишлари, жумладан, статистикани шакллантириш жараёнларини такомиллаштириш, сифатни таъминлаш, маъмурий маълумотлар интеграцияси, очиқ маълумотлар, фойдаланувчилар билан мулоқотни кучайтириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ушбу тақдимот Ўзбекистоннинг статистика соҳасидаги ислоҳотлари, инновацион ёндашувлари ва амалий натижаларини халқаро экспертлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар доирасида кенг тақдим этиш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
😊
https://www.youtube.com/watch?v=TXIF4g64GIM