***
Нима қилай? Йиққан доним тўкилишга мойил бўлса,
На қилайким, боққан Алпим йиқилишга мойил бўлса,
Тушунмайсиз, билмагайсиз, асли парво ҳам қилмайсиз,
Авлодларим туғдириш ва туғилишга мойил бўлса.
Ўзим билдим, ўзим куйдим, кўриб туриб тушга йўйдим,
Дийдорини қумсагандим, кўрдим сездим, бездим, тўйдим,
Қўлларимда катта қилдим, оч тупроққа ўзим қўйдим,
Нетай, болам лой маъбудга сиғинишга мойил бўлса.
Нима қилай? Далаларим, деҳқонларим, хирмонларим,
Ёғолмасдан ўтаётган булутларим – армонларим,
Гумонларим, фармонларим, андармон-у дармонларим,
Бошим силаб, сўнг кўнглимни синдиришга мойил бўса.
Ниятларинг – амалингдир, амалларинг – подшоҳингдир,
Кўнгил деган подшоҳ билан иноқ бўлмоқ паноҳингдир,
Босмас изинг, айтмас сўзинг гувоҳингдир, гуноҳингдир,
Ва тегрангда аҳли гумон кўндиришга мойил бўлса.
Кошки дейман, менинг болам оғринишга мойил бўлса,
Бир оғригач, дили қонаб уйғонишга мойил бўлса,
Ўз-ўзига ўт қўйишга – бир ёнишга мойил бўлса,
Ўлмай туриб ўлган болам тирилишга мойил бўлса.
Нима қилай...
Шодмонқул САЛОМ