Дунёдаги сўнгги воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай иттифоқлар кутилган натижаларни бермайди, умидларни оқлаймайди.
Қайсидир қудратли давлатга ишониб яшаган давлатлар бугун на ишончли ҳимояга, на ўзининг қуролига эга. Аксинча, айнан шу давлатларнинг ўзи ракетаю дронларга нишон бўлмоқда.
Фикримча, ҳар қандай давлатнинг ишончли қуроли — илм-фан! Унинг энг ишончли "аскарлари" — олимлар! Илм-фанни ривожлантирмай, олимларни қўллаб-қувватламай ҳозирги дунёда — халқаро ҳуқуқ меъёр ва талаблари тан олинмаётган даврда яшай олмайди.
Аввал ҳам ёзгандим. Олдин сиёсатни куч марказлари белгилар эди. Энди эса — ақл марказлари! Замонавий уруш технологиялари — "ақлли урушлар"дир. Бугунги уруш усули эртанги усулга ҳам тўғри келмаслиги айни ҳақиқатдир. Демак, кимки илмий тафаккурда олдинда юрса енгилмайди, ўзини, ўзлигини, миллати ва давлатини сақлаб қолади. Унинг учун бизга замонавий илм-фан соҳиблари — олимлар керак!
Олимлар бир-икки кунда туғилмайди, бир олимни тарбиялаш учун давлат ўртача 30-35 йиллик вақти ва ресурсини сарфлайди. Қудратли давлатлар, биринчи дунё мамлакатлари, четдан олимлар — "ақллар"га инвестиция киритиши, таклиф этиши бекорга эмас.
Биринчи дунё мамлакатлари юксак технологиялар, маҳсулотлар ёки хизматларни сотиб олишмайди, балки "ақлларга" харидор бўлишади. Чунки, юксак технологиялар, маҳсулотлар ва хизматлар эскиради, "ақллар" эса "тўлиб-тошиб" бораверади.
Нима учун бугун Хитой, АҚШ ва бошқа қудратли давлатлар "ақлларга" харидор бўлишларини тушунгандирсиз.
Энди уруш ана шу "ақллар" ўртасида бўлади. Қайси давлатнинг ихтиёрида замонавий илмий тафаккурга эга олимлар бўлса, ўша давлат ютади, давлатчилигини сақлаб қолади.
Бугунги Эроннинг нима учун тиз чўкмаётганлигини шу билан ҳам изоҳласа бўлади. Мен илмий мавзум борасида ҳориждаги тадқиқотлар билан танишганман. Хусусан, Эрон университетлари, илмий-тадқиқот институтларида олиб борилган ишлардан хабардорман, аксарияти очиқ манбаларда бор. Эрон ҳозир ҳатто нанотехнологияларда ҳам пешқадам. Уранни бойитиш ва бошқа ядро технологиялари ҳақида гапирмайман, улар ўтган асрнинг 70-йилларидан маълум эди.
Илм-фан натижалари фақат ҳисоботларда, оғиз кўпиртирилиб айтилаётган KPIларда кўринмайди. Илм-фан олимлар жамоаларининг, илмий марказларнинг, ўзига хос мактабларнинг шаклланиши билан ривожланади. Олимларни бир йиллик, узуқ-қуроқ, охирги натижаси ҳисоботлар билан якунланадиган ишлар билан эмас, узоқ муддатли стратегик режалар билан банд қилиш керак деб ҳисоблайман. Дунёнинг барча қудратли мамлакатларида шундай.
Хитойда ишлаётганимда менга: "Шошиб мақола чиқарманг, ишлайверинг, натижа зўр бўлиши керак!" дейишгани эсимда. Ҳақиқатдан айни ўша давр илмий фаолиятимдаги энг сермаҳсул бўлганди. Scopus тизимидаги журналларда, адашмасам, 10 га яқин мақола эълон қилдим.
Бугун бизнинг олдимизда ўта тарихий ва ҳаёт-мамот танлови турибди. Биз бу шафқатсиз дунёда "ақл маркази"га айланишимиз керак. Бунга салоҳият етади. Фақат бунга илм-фандаги ақлли бошқарув ва мантиқий ёндошув керак, холос. Ҳар миллатнинг тарихда ўз тақдирини қатъий белгилаш, қўлга олиш учун имкониятлар берилган, жумладан, биз учун ҳам. Таассуфки, аксариятида хато хулосалар чиқарганмиз, янглишганмиз.
Бу сафар эса адашишга ҳаққимиз йўқ.