«Чет элда ўқиб келган!»
— дея оғзини тўлдириб гапираётганлар бир муҳим ҳақиқатни унутмасин.
Хорижда инсонга фақат диплом ва касбий билим берилмайди. У билан бирга ўша жамиятнинг қадриятлари, дунёқараши, ижтимоий меъёрлари, ҳаёт тарзи ва манфаатларига мос қарашлар ҳам онгли ёки онгсиз равишда сингиши мумкин.
Бу — хорижда таълим олганларнинг барчаси ўз қадриятини йўқотади, дегани эмас. Асл масала — инсон хорижий билимни ўзлаштирдими ёки хорижий тафаккурнинг тайёр қолипларини ҳам танқидсиз қабул қилдими?
Видеодаги оддий кейсга эътибор беринг. Унда хорижий трансмиллий корпорациялар манфаатлари қай даражада ҳимоя қилинаётгани ва хорижда таълим олиб қайтган айрим соҳа мутахассисларининг бу ҳолатга кўз юмаётгани фош этилмоқда. Диетологларга очиқ-ойдин таъна қилиниши билан боғлиқ ҳолатнинг ўзиёқ бу масалага жиддийроқ ва танқидийроқ ёндашиш зарурлигини кўрсатади. Агар оддий бир касб эгасидаги қарашлар шу қадар кескин муҳокама қилинаётган бўлса, энди шу мезонни таълим, маданият, сиёсат, иқтисодиёт, медиа, ҳуқуқ, бошқарув ва бошқа соҳаларда хорижда таълим олган кадрларга нисбатан ҳам қўллаб кўрайлик.
Хорижда таълим олиш — катта имконият.
Лекин хорижий университетдан диплом олиб қайтиш — ҳали миллий манфаатга хизмат қиладиган мутахассис бўлиб қайтиш дегани эмас.
Муҳими — хориждан билимни олиб, қолипни эмас; технологияни олиб, мафкурани эмас; илғор тажрибани олиб, миллий ўзликни йўқотмаслик.
Шунинг учун кўплаб мамлакатларда хорижда таълим олиб қайтган кадрларнинг миллий ижтимоий муҳитга мослашуви, миллий қадриятлар ва давлат манфаатларини англашига қаратилган турли дастур ва механизмлар йўлга қўйилган.
Назаримизда, энди Ўзбекистонда ҳам бу масалага тизимли ёндашув вақти келди. Хусусан, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан хорижда таълим олиб, юртимизга қайтган кадрлар учун маънавий қадриятлар, миллий ўзлик, мустақил тафаккур ва миллий манфаат масалаларини қамраб олган махсус ўқув курслари дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Бундай курснинг мақсади хорижий билимни чеклаш ёки хорижий тажрибадан воз кечиш эмас.
Аксинча, хориждан олинган билим ва тажрибани миллий тараққиёт мақсадлари билан уйғунлаштириш, кадрларда танқидий ва мустақил тафаккурни кучайтириш, миллий қадриятларга таянган ҳолда глобал тажрибани қабул қилиш маданиятини шакллантиришдан иборат бўлиши керак.
Бизга хорижда ўқиб келган, аммо ўз юртига бегона бўлиб қолган кадр эмас, дунёни кўрган, лекин ўзлигини йўқотмаган; илғор тажрибани билган, лекин миллий манфаатни унутмаган; танқидий фикрлайдиган ва мустақил қарор қабул қиладиган кадрлар керак.
Чунки глобаллашув шароитида энг катта хавф — хорижда ўқиш эмас.
Энг катта хавф — ўзлигини англамай туриб, ўзганинг тайёр дунёқарашини «илм» деб қабул қилиш.
«Олдидан оққан сувнинг қадри йўқ», — дейди доно халқимиз.
Балким, биз ҳам ўзимиздаги кадрларни, ўз мактабларимизни ва ўз қадриятларимизни ана шундай кўз билан қайта баҳолашимиз керакдир.
Хорижга чиқиш — тараққиёт.
Хориждан билим олиш — имконият.
Аммо ўзлигингни сақлаб, олган билимингни Ватан манфаатига хизмат қилдириш — ҳақиқий маърифат.
Тафаккур қилайлик.
Социолог, Сухробхўжа Хидиров