Бугун — 26 апрель, Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун. Бу сана нафақат адабиётимиз тарихидаги муҳим саҳифа, балки бутун халқимиз учун қадрли айёмдир. Зеро, Муҳаммад Юсуф — халқимизнинг қалбидан жой олган, унинг дарду қувончини, орзу-армонларини самимий тарзда мадҳ этган чинакам халқ шоиридир.
Унинг ижодида ўзбекона руҳ, миллий ўзлик ва ватанпарварлик туйғуси уйғунлашиб, бетакрор оҳангда жаранглайди. Шоирнинг ҳар бир мисраси оналаримизнинг алласидек самимий, оталаримизнинг панд-насиҳатидек теран, яқин кишимиз сўзидек қадрлидир. Унинг шеърларида сунъийлик ва такаллуф йўқ — улар мусаффо булоқ суви янглиғ равон оқиб, тўғри юракка етиб боради.
Мустақилликнинг илк, мураккаб йилларида Муҳаммад Юсуфнинг асарлари, айниқса, «Ватаним», «Ўзбекистон», «Она тилим» сингари шеърлари халқимизни жипслаштириш ва юртимизни юксалтириш ғояларини олға сурди. Бу асарлар миллий ўзликни англашда, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат уйғотишда чинакам маънавий машъала бўлиб хизмат қилди.
Шоирнинг халқона мисралари таниқли санъаткорлар ижросида маромига етказилиб, эл орасида кенг тарқалган қўшиқларга айланди. Бу қўшиқлар бугун ҳам байрам-тадбирларимизда, оилавий ва дўстона давраларимизда янграб турибди. Унинг кўплаб ҳикматли сатрлари халқимиз нутқига сингиб, мақол ва нақлга айланиб кетган.
Муҳаммад Юсуф қолдирган адабий мерос — биз учун бебаҳо хазина. Унинг шеърлари ёшларимизни ватанпарварлик, адолат, инсонпарварлик, она тилига садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. Шоирнинг ҳар бир сатри — ёш авлод учун маънавий дарслик, юрак сабоғидир.
Бугун — Янги Ўзбекистонни барпо этаётган масъулиятли паллада — Муҳаммад Юсуф ижоди алоҳида аҳамият касб этмоқда. Зеро, янги жамият янги одамни — фикри теран, қалби ватанпарвар, тили ўзбекона, руҳи мустақил инсонни талаб этади. Шоирнинг шеърлари эса айнан шундай шахсни шакллантиришга хизмат қилади.
Унинг ижодидаги тенглик, ҳақиқат ва эркинлик ғоялари демократик жамият қуриш йўлидаги маънавий пойдеворни мустаҳкамлашга кўмак беради.
🔴 «Адолат» социал-демократик партияси буюк шоиримиз таваллуд санасини чуқур эҳтиром билан нишонлар экан, унинг бой меросини ўрганиш, тарғиб этиш ва ёш авлодга етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини таъкидлайди.
Шоир жисмонан орамизда бўлмаса-да, унинг ўлмас сўзлари ва эзгу даъватлари халқимиз қалбида мангу яшайди.
⚖️ https://taplink.cc/adolat.uz