Ҳар бир жамиятнинг сиёсий тарихи бўлади. Ҳар бир халқнинг, миллатнинг, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий психологияси мана шу тарихий жараёнлар асосида шаклланган бўлади. Ҳар бир одамни эшитиб туриб, унинг сиёсий қарашларига диагноз қўйиш мумкин. Ҳудди шундай, бирон бир жамият вакилларини эшитиб туриб, ушбу жамиятдаги умумий, кўпчиликни бирлаштирувчи сиёсий қарашларни илғаб олиш мумкин.
Ўзбекистонликларнинг, ўзбекларнинг умумий қарашлари қандай? Мен кўп йиллардан бери кузатавериб, қатьий хулосага келган фикрим шуки, давлатга ишончсизлик – жуда чуқур илдиз отган сиёсий қараш ҳисобланади. Бу қараш, аксарият ўзбекистонликларда, ўзбекларда у еки бу даражада учрайди.
Айни пайтда, давлатга ишончсизлик қатьий эътиқод еки экстремал сиёсий мафкура эмас, балки, бефарқлик ва оҳиста нейтраллик аралаш ишончсизлик, яъни, эҳтиёткорона ишончсизлик кенг тарқалгандир. Бунинг тарихий илдизлари маълум. Учта хонлик даври, Чор Россияси даври, собиқ тоталитар СССР, биринчи маъмурият даври – буларни барида давлат алоҳида ва ўта қудратли корпорация сифатида ўзини намоён қилди, жамият эса иккиламчи, ожиз, бўйсунган объект сифатида қаралди.
2016 йилга қадар давлатга ишончсизлик янада юқорироқ даражага чиқди. Ўзбекистонликларда «фақат давлатни заифлаштириш орқали нормал давлатчилик қуриш мумкин», «фақат ҳокимиятни жазолаш орқали демократияга жришиш мумкин», «демократик давлат – бу таҳқирланган ҳокимиятдир» деган онгости қарашлар ҳозир ҳам жуда кучли. Бу ўринда жамиятни, халқни айблаш нотўғри. Бу холат – давлатчилик эволюциясининг хосиладир.
Бугун давлат халқ билан, жамият билан концептуал тирашув йўлида эмас. Аксинча, давлат ўзвийлик, боғлиқлик, ҳамкорлик изламоқда. Энди, ташаббусни давлат ва жамият ўз қўлига олиши керак, ўртадаги бегоналашувни тезроқ ва сифатлироқ ювиш, ўзаро ишончни парваришлаш керак бўлади. Чунки, янги дунёда давлат ва жамият бир бўлар экан, ҳар қандай ички ва ташқи таҳдидлар – ҳеч қандай катта муаммо бўлмаслиги кўринмоқда. Асосийси, давлат ва жамият бирлиги замиридаги ишонч эркинликка, самимийликка, легитимликка асослангандагина, мустаҳкам бўлади.
Расмий саҳифалар:
https://www.facebook.com/rabbimov.kamoliddin🌐
📱
http://instagram.com/kamoliddin_m_rabbimov/
🌐
https://www.facebook.com/rabbimov.kamoliddin