Жанубий Кореяда тажриба алмашинуви: тиббиёт соҳасида янги ҳамкорликлар йўлга қўйилмоқда
Шу кунларда Жанубий Кореяда хизмат сафари билан бўлиб турган мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими раҳбар ходимлари нуфузли тиббиёт муассасалари фаолияти билан яқиндан танишиб, илғор тажрибаларни ўрганмоқда.
Хусусан, Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев республика ишчи гуруҳи таркибида Korea International Cooperation Agency (KOICA) гранти асосида Pusan National University Yangsan Hospitalда малака оширмоқда.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — мазкур йирик клиника фаолияти билан яқиндан танишиш, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда бошқарма ва Pusan National University ўртасида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш, телемедицина ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Шунингдек, ушбу жараёнда KOICA грантларини жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Korea International Cooperation Agency — Жанубий Кореянинг расмий халқаро ҳамкорлик агентлиги бўлиб, 1991 йилда ташкил этилган. Ташкилот ривожланаётган давлатларга грант асосида ёрдам кўрсатади. Унинг фаолияти соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма ва техник кўмак йўналишларини қамраб олади. Айниқса, тиббиёт соҳасида касалхоналарни модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш, шифокорлар малакасини ошириш каби йўналишларда кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Pusan National University Yangsan Hospital эса Кореянинг энг йирик университет клиник комплексларидан бири ҳисобланади. 2008 йилда ташкил этилган ушбу замонавий тиббиёт маскани 1200 дан ортиқ ўринли бўлиб, унинг таркибига кўп тармоқли касалхона, болалар клиникаси, стоматология маркази, реабилитация ва шарқ табобати марказлари киради. Бу ерда 3 мингдан ортиқ ходим фаолият юритади.
Мазкур клиника юрак жарроҳлиги, трансплантология, неврология ва бошқа юқори технологик йўналишларда етакчи ҳисобланади. Шунингдек, у таълим, амалиёт ва илмий тадқиқотларни узвий боғлаган ҳолда фаолият юритади.
Таъкидлаш жоизки, KOICA дастурлари доирасида ўзбекистонлик шифокорлар ва мутахассислар мунтазам равишда Кореяда малака ошириб, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаб келмоқда. Бу эса мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Мутахассислар фикрича, бундай халқаро ҳамкорликлар орқали илғор тажрибаларни жорий этиш, тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича янги имкониятлар яратилмоқда.
https://youtube.com/c/BuxoroviloyathokimligiAxborotxizmati https://t.me/buxorotibbiyoti