Стандарт тўрт йиллик бакалавриат, икки йиллик магистратура — жами олти йил, бир қарашда, барча соҳаларда мутахассис етиштириш учун етарли муддатга ўхшайди. Лекин бу стандартга тушмайдиган соҳаларам ҳам бор — уларда таълим узоқроқ давом этади. Бунинг сабабини тушуниш менга доим қизиқ бўлган.
Масалан, тиббиёт — камида етти йил таълим, ундан сўнг, йўналишга қараб, магистратура ёки ординатура. Сабаби — ниҳоятда мураккаб соҳа, кўп назарий билим ва чуқур амалиётни талаб қилади. Инсон танасини жуда яхши билиш, ҳар бир деталга эътиборли бўлиш, кимё, биологияни чуқур тушуниш бу соҳада муҳим; қолаверса, тиббиёт бўйича ҳар йили бошқа соҳалардан кўпроқ янги тадқиқот чиқади — нимадир дори кашф қилинади, тананинг янги жиҳатлари очилади, эски қарашлар ўзгариб кетади, қайси бир дорининг самарасизлиги исботланади ва ҳ.к. Шифокор хатосининг оқибати инсоннинг саломатлиги издан чиқиши ва ҳатто ҳаётдан кўз юмиши бўлади, шу боис соҳа мутахассиси жуда узун назарий ва амалий ўрганиш йўлини босиб ўтиши керак.
Яна бир соҳа — дин. Буддизм, яҳудийлик, христианлик, ислом каби динларда асрлар мобайнида жудаям катта адабиётлар корпуси вужудга келган; улар фақат маънавий озуқа эмас, юриш-туриш тартиб-қоидаси, қонунчилик, бошқарув каби вазифаларни бажарган, фалсафа, илм-фан, маданий ҳаётни қамраб олган. Бундай қамров энг кичик хатоларни ҳам хавфли қилиб қўйган. Шу боис соҳа ичига кириш ҳатто бугун ҳам жуда кўп меҳнат талаб қилади. Бугун айрим давлатларда (Ҳиндистон, Покистон, Саудия каби) исломий таълим даргоҳлари одатда ўн йилдан кўпроқ муддатга мўлжалланган курсларни таклиф қилади. Шулардан дастлабки уч йили асосан араб тилини ўзлаштиришга кетади. Кейин Қуръон, Сунна, уларнинг атрофидаги матнлар синчиклаб ўргатилади, ундан сўнг йўналишлар бўйича ихтисослашув рўй беради ва ҳ.к.
Менимча, булар қаторига бемалол юриспруденцияни ҳам қўшса бўлади. Ҳозирда бу соҳадаги олий таълим стандарт муддатларни қамраб олади — бизда тўрт йил бакалавриат ва икки йил магистратура, қайсидир ўлкаларда тўрт-беш йиллик уйғунлашган ўқув дастурлари. Аслида юриспруденцияда ҳам юқоридаги соҳалар каби жиҳат бор — юридик адабиёт жудаям катта, ҳужжатлар жудаям кўп ва ҳар куни кўпайиб, янгиланиб, ўзгариб туради, ҳар бир банд, ҳар бир модда амалиётда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Ва, айтайлик, тиббиётда бўлганидек, юриспруденцияда ҳам амалиётга киришиш бўсағаси жуда юқори — тегишли қонунларни, соҳа амалиётини, прецедентларни тўлиқ билмайдиган одамга судда инсон тақдирини топшириб қўйиб бўлмайди.
Албатта, бошқа соҳаларда ҳам зўр мутахассис етиштириш — жуда меҳнатталаб иш, лекин ё матнлар корпуси кичикроқ, ё ўзгаришлар секинроқ, ё хатонинг оқибати юмшоқроқ бўлиши мумкин.
Нима деб ўйлайсиз, стандарт 4+2 дан кўра узоқроқ таълимий йўлни талаб қиладиган яна қандай соҳалар бор?