📝Хотинини ўғирлаган йигит (Воқеий ҳикоя..)
Саратоннинг иссиқ ва дим оқшоми. Кечки овқатдан сўнг болалару, жиянчалар билан бироз салқинлаб келиш мақсадида шаҳримиз марказига пиёда йўл олдик. Чақчақлашиб, катта кўчага чиқаётганимизда, эркак кишининг “Ассаломуалайкум, опажон!” деган овози эшитилди. Бир пайт рўпарамда собиқ ўқувчиларимдан бири (Асли касбим журналист бўлса-да, 10 йилча ўрта умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилишимга тўғри келган.) – Ғолиб пайдо бўлди. -Ҳа яхшимисан, Ғолибжон, – сўрашдим у билан. – Болалар, ота-онанг ҳамма тинчми? (Ғолибнинг отаси билан отам раҳматли қадрдон бўлганликлари боис, уларнинг оиласини яқиндан билардим.) -Опа, менга бир маслаҳатингиз, ёки ёрдамингиз керак, – деди уям ҳол аҳвол сўрашиб бўлгач. -Келинг, анави ўриндиққа ўтирайлик. Мен болаларга музқаймоқ олиб бериб тинчлантиргач, унинг ёнига чўкдим. -Хуллас, келинингиз билан гапимиз қочиб қолди. -дея сўз бошлади Ғолиб. – Наргиза ҳозир Навоийда, онасиникида. Иккинча қизим шамоллаганида “болага яхшироқ қараб билмайсанми,”деб уришсам, “Бола фақат меникими? Сиз ҳам қаранг-да” – деса бўладими? Мен уй-рўзғорим деб эртаю-кеч ишласам, уйга келиб дам оламан деганимда боланинг йиғиси сабаб яна ухлолмасам. Хуллас мен у дедим, у бу деди. Кейин жаҳл устида бир-икки шапалоқ урибман. Яна бир нарсалар деяётганди, жаҳл билан итариб юбордим. Йиқилиб, кўзи кўкарганмиш. Эрталаб туриб қарасам, келинингиз онасиникига кетиб қолибди. Қизчаларим ҳам у билан бирга. Бир ой бўлди. Неча марта борсам ҳам қайтишни исташмаяпти. Бирдан Ғолибнинг уйланиши билан боғлиқ можаролар: ўқиш баҳонасида танишиб, севишиб қолган қизнинг қўшни вилоятданлиги, ота-онаси ”ёлғиз қизимизни узоққа бермаймиз,” деб туриб олишгани, кейин катта-ю-кичик ўртага тушиб, тўйнинг бўлиб ўтгани эсимга тушди. -Хўш мен нима қилай, -дедим гапни ҳазилга буриб. Шапалоқ урибсан. Таёқ еган бўлса…. энди келин келармикан?– Сиз ҳали энг ёмонини билмайсиз, -деди Ғолиб хўрсиниб. -Бунга ўхшаш ҳолатлар бунгачаям 3-4 марта бўлган. Шу учун отаси қайтиб ярашишимизни истамаяпти. Ажратмоқчи бизни. -Қўйсангчи, -дедим мен. -Хотининг сени яхши кўради. -Отаси ўлгудай терс одам. -деди худди гапимни эшитмагандек Ғолиб. -Келинингиз оилада ягона қиз. Қайнотам 3 ўғилдан кейин тилаб етишгани учунми, қизига меҳри ўзгача. “Урадиган эр билан яшамайсан,” -дебди қизига. Биз-ку, келинингиз билан телефонда аллақачон ярашиб олганмиз. Қизалоқларимни соғиндим. Пушаймон бўляпман, урганимга. -Мендан нима истайсан? -дедим унинг мақсадини тушунмай. -Хўш,нима қилай, номингдан кечирим сўраб, келинни обкелиб берайми? -Э, онамлар 2 марта бориб келдилар, -ҳафсаласиз қўл силтади Ғолиб. -Қайнотам кўнмабди. ”Унақа зўравон куёв билан яшатадиган қизим йўқ. Агар эрини деб, қайтиб борса, қизимни ҳам оқ қиламан”-деганмиш. Ғолибнинг бу сўзларидан кейин ҳайрон бўлиб қолдим. Бу ҳолатда нима қилиш мумкин? У қандай отаки, битта жанжални деб, қизининг оиласини бузса? Ёки бу ҳолатнинг тез-тез такрорланиши шунчалик жонига текканмикан? -Опа, битта зўр режа бор. -Ғолибнинг овози хаёлимни бузиб ташлади. -Келинингизни ўғирлаб келамиз. -Жинни бўлганмисан? -Бошқа илож йўқ. Келинингизни отаси менинг телефон қилишимни билиб, қўл телефонини ҳам олиб қўйган. Эринг билан гаплашсанг, кўрасан кўрадиганингни деганмиш. Отасининг феъл-атвори жудаям чатоқ… -Муддаога ўтсанг-чи, – дедим мен. – Эрталаб вақтли туриб, Навоийга борамиз. Келинингиз эрталаблари холасининг қизига парда тикишга ёрдамлашиш учун боради. Худди шу пайт сиз буюртмачи сифатида ўша уйга бориб, келинингизни кўчага олиб чиқасиз. Қандай баҳона топиш ўзингизга ҳавола. – деди Ғолиб. – Кейин буёғини менга қўйиб бераверинг. -Келин танийдику мени, ишонармикан? – эътироз билдирдим мен. -5 йил олдин тўйимизга келгансиз. Ўшанда эҳҳе, тўйхонада қанча одам бор эди. У ҳаммани бир-бир эслолмайди-ку, – дея мени кўндиришга уринди Ғолиб. –Илтимос опажон, йўқ деманг. Бу яхшилигингизни бир умр унутмайман. Бир ойдан бери ота-онамдан гап эшитавериб, бир ёққа чиқдим. Унинг ялинчоқ овози, кўзларини мўлтиллатиб туриши юрагимни юмшатиб,