#ЎзгаҲаётлар
Твиттерда архиепископ Роуан Уиллямс иштирокидаги бир
https://x.com/Freddygray31/status/2045056911221928178?s=20 кўриб қолиб, салкам 12 йил олдинги бир кун эсга тушиб қолди.
2014 йил охири, Кембриж. Докторантурамнинг охирги йили учун Япониядан Кембрижга қайтганман, диссертациямни ёзиб тугатяпман. Қўшимча даромад учун https://www.clarks.com/en-gb пойабзал дўконида ишлайман, Японияга кетишдан олдин ҳам у ерда бир неча йил яхши ишлаганим учун, қайтиб келганимдан кейин мени сўзсиз ишга қайтариб олишган. Пойабзал сотишни яхши кўрардим, чунки ҳар куни турли инсонлар билан мулоқот қилиш имконим бор эди. (PhD'ни тугатганимдан кейин менежер бир куни хонасига чақириб, менежер ёрдамчиси бўлиб ишга кир, ойликларимиз яхши, кам бўлмайсан, деганди ундан бир неча ой кейин).
Аммо бугунги мавзу пойабзал сотиш эмас; пойабзал ҳикояда марказий ўрин эгалласада 😄 Бир кун келиб, сизларга қизиқ бўлса, пойабзал сотиш мавзусига қайтарман. Ҳануз Кларксдан оёқ кийими олганда сотувчилар билан ҳазил-ҳузул қилиб тураман 😄
Хуллас, ўша совуқ декабр кунида Кембриж марказидаги дўконимизга Роуан Уиллямс кириб келди. Мен билан ишлайдиган ёш-яланглар пинагиниям бузмади, чунки содда қилиб айтганда улар бу инсоннинг кимлигиниям билишмасди.
Роуан Уиллямс ўша пайтлар Кембриж университетидаги Модлин (Magdalen) коллежи мастери (президенти) эди. Унгача 10 йил давомида Кантербери архиепископи, яъни Англия (англикан) черкови бош роҳиби, мамлакатдаги энг муҳим диний арбоб бўлиб хизмат қилган. Диний идоранинг энг юқори поғонасига кўтарилгунча, Кембриж ва Оксфордда диншунослик профессори бўлган, 40 ёшида Британия академияси академиги бўлиб сайланган. Шоир, шеърий тўпламлари чоп қилинган. 11 тилни билади, Достоевскийни асл тилида ўқиш учунгина русчани ўрганган. 50дан ортиқ китоблар муаллифи, вҳк вҳк.
Хуллас, шу одам дўконга кириб келиб, курсилардан бирига ўтирди. Эркаклар бўлимига битта ўзим қараганим учун, ёнига бориб саломлашдим, аммо архиепископлигини билишимни билдирмадим. Гавдали, савлатли одам бўлгани учун, оёқ кийимининг ўлчами ҳам камида 47 эди (пойабзал дўконда ишлайверсангиз, бир қарашда одамнинг оёқ кийими ўлчамини аниқлайдиган бўлиб кетасиз. Кейинчалик бир дўстим уни кўчада кўриб қолганини айтиб бераётиб, "калласи жуда катта экан, катта қовоқдек келади" деганди). Ўша оёғидаги содда, арзон 47 размерли оёқ кийими анча хароб аҳволда эди. Бу одам келиб, дўконни айланмади. Шунчаки, оёқ кийимига ишора қилиб, шунга ўхшаш яна бир жуфт керак эди, деб мулойим гапирди.
Ташқаридан қараб, бу одам Англия черковининг собиқ раҳбари, у ердан кетгач Кембриж коллежларидан бирининг мастери демас эдингиз. Нари борса ўзи туғилган Уэлсдаги узоқ қишлоқларнинг бирида черковни супуриб юрган қари роҳиб деган бўлардингиз балки.
Ҳайратимни кўрсатмай, бирга ишлайдиган, ўша даврда Оксфордда диншунослик бўйича докторлик ёзаётган болани имлаб ёнимга чақирдим. "Омадинг чопди, орзуингдаги мижоз сени кутиб турибди," деб, архиепископ/профессор Уиллямсни унга топширдим 😄
Орадан 10 дақиқа ҳам ўтмасдан, Уиллямс дўкондан янги жуфтни кийиб чиқиб кетди. Мен эса бу ажойиб инсон оёқ кийим, умуман кийим ва бошқа дунёнинг ишларига бир кунда ўртача шу 10 дақиқача сарфласа керак, деб ўйлаб қўйдим. Диншуносликни ўрганувчи укамиз эса Уиллямс билан тузук суҳбат ҳам қилолмай қолди.
#Кембриж