***
Фасллар сўзлаган ҳақиқат…
«Инсон умри фаслларга ўхшайди:
Ҳар бир фаслнинг ўз гуллари ва ўз хазонлари бор...»
Шарқ ҳикмати
Йўл тугаб бормоқда,
Чопа олмадим.
Ажал дарчасини ёпа олмадим,
Вароқлаб-вароқлаб йил тақвимини,
Жаноза йўқ кунни топа олмадим.
Олтин куз ўз шабодаси, нафаси ва туйғулари билан юртимизга кириб келди.
Инсон умри ҳам фасллар каби:
— Кимдир баҳорида гуллаб-яшнайди,
— Кимдир ёзида нур сочади,
— Кимдир кузда хосилидан баҳраманд бўлади,
— Яна кимдир қишга етмасдан йўлини тугатади.
Аммо ҳар бир инсоннинг кузи ўзгача!
Кимнидир уруғи соғлом, хосили сероб.
Кимнидир ниҳоллари қуриб, орзулари битган.
Кимлардир ҳеч нарсага эришмай қариликка етган,
кимлар эса умр йўлининг ярмига етмасдан имтиҳонларини кўриб улгурган.
Кимдир кибр отига минар,
ким эса тупроқдек майин ва хокисор бўлар.
Бироқ боришимиз манзили :
Битта интиҳо — ўлимдир!
Бошимиз осмонларга етса ҳам,
ёки шарқу ғарбни кезиб чиқсак ҳам,
ибтидоимиз ҳам, интиҳоимиз ҳам — сокинлик.
Ҳаётда қанча меҳмонларга пешвоз чиққан бўлсак-да,
охирида хоҳламасак ҳам бир меҳмон —
ажал эшигимиздан кириб келади.
Чаккамиздаги оқлар қарилик белгиси эмас,
балки — интиҳонимиз элчисидир.
Ота-Онамизни охират сафарига кузатганимиз,
соғинчи ичра ўзимизга ҳам навбат яқинлигини эслатади.
Ҳаётнинг ҳар бир босқичи —синов ва имтиҳон.
Шунинг учун, азиз инсоним, мулоҳазали бўлайлик.
Ҳаё қилайлик.
Зеро, биз охират сафарига отланганлар ёшидамиз.
Иймон ҳаловатида гўзал яшашни,
ва кетар чоғимизда ҳам соф иймон билан
Роббимизга юзланишни
Аллоҳ насиб этсин!
Фасллар бизга ҳаёт ҳақиқатини сўзлайди:
Гул ҳам хазон, қувонч ҳам ғам, бахт ҳам синов. Умрнинг ҳар бир лаҳзаси биздан ибрат ва тафаккур талаб қилади.
Шунинг учун умримизни иймон, меҳр ва яхшилик билан безайлик —
шунда кетар кун ҳам нурли бўлур.
Эй Роббим!
Умримизнинг ҳар бир фаслини нурли ва барокатли қилгин!
Бахоримизда умид, ёзимизда қувват,
кузимизда барака, қишимизда сокинлик бергин!
Қалбимизга иймон ҳаловатини жо этгин,
қадамларимизни ҳақ йўлдан оғдирмагин!
Бизнинг охиримиз хайрли, охиратимиз нурли бўлсин!
Ота-оналаримизга раҳмат,
бизларга мағфират ва раҳмдиллик бергин!
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!
***