"Ислом молиясига кириш" китоби ҳақида
"Ислом молиясига кириш" китоби инглиз тилида бир неча марта нашр қилинган, араб, урду, ўзбек ва рус тилларида ҳам таржималари мавжуд. Илк бор чиққанига чорак аср ўтгани ва бу орада ислом молия тизимида улкан ўзгаришлар рўй бергани ҳамда соҳага оид кўплаб янги адабиётлар пайдо бўлганига қарамасдан, китоб ислом молиясига қизиқувчилар учун асосий “илм эшиги” бўлиб қолмоқда .
Китоб ўзининг содда тили, воқеъликда кўп учрайдиган масалаларнинг танланганлиги ва уларни амалиёт билан боғлаб баён қилинганлиги сабабли ундан нафақат тадқиқотчилар, балки иқтисодчи, молиячи ва ҳуқуқшунос амалиётчилар ҳам кенг фойдаланишади.
Китобнинг кириш қисмида Муфтий Тақий Усмоний ислом иқтисодий таълимотларнинг асосий хусусиятлари, ислом иқтисодиёти билан капиталистик иқтисодиёт ўртасидаги асосий тафовутлар, ислом молиясининг реал иқтисодиёт ва активларга асосланганлиги, ислом банкларининг ҳозирги аҳволи ҳақидаги мулоҳазаларни баён қилган, ислом дини ва капиталистик тизимнинг пулга бўлган муносабатларини солиштириб таҳлил қилган, ва натижада, оддий ўқувчида ҳам ислом молияси билан анъанавий молия ўртасидаги фарқли жиҳатлар ҳақида тушунча пайдо бўлади.
Кейинги бобларда муаллиф ислом банкчилигида ишлатиладиган шерикчиликка асосланган мушорака ва музораба ҳамда савдо-сотиққа асосланган муробаҳа, ижара, салам ва истисна молиялаштириш инструментларининг фиқҳий асослари ва уларнинг татбиқида учрайдиган фиқҳий масалаларни ёритади. Ўқувчининг тушуниши осон бўлиши учун фиқҳий асослар ва қонун-қоидаларга оид назарий гапларни амалий мисолларда ифодалаб беради.
Масалан, муробаҳа савдосига оид қонун-қоидаларнинг иккинчиси, яъни молнинг эгалиги тўғрисидаги “Савдо моли савдо маҳалида сотувчининг мулкида бўлиши лозим” деган шартга:
“А томон С томоннинг мулкида бўлган автомашинани Б томонга сотмоқда. А томон машинани С томондан сотиб олиб, Б томонга етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу савдо бекордир, чунки савдо вақтида автомашина А томоннинг мулкида эмас эди” деган мисолни келтиради.
Муаллиф мумтоз фиқҳий асарларда келмаган, лекин бугунги кунда долзарб бўлган масалаларга самарали ечимларни ҳам таклиф қилган. Масалан, шерикчилик тижоратида шериклардан бири шариатга биноан шартномани ўзи истаган вақтда тугатиб, ўртадаги молни сотишга ёки бўлиб олишга мажбур қилиши мумкин. Аммо, саноат ва ишлаб чиқариш каби соҳаларда узоқ муддатли лойиҳага шериклар катта миқдорда сармоя киритишса ва ишлаб чиқариш бошланмасданоқ улардан бири бизнесни сотиб ўз улушини чиқариб олишни талаб қилса, бошқа шериклар учун бу катта риск туғдириши мумкин. Ҳозирги замонда бизнес муваффақияти учун давомийлик зарурлигини инобатга олган муаллиф ҳадиси шарифда келган умумий қоида, яъни:
المسلمون علي شروطهم إلا شرطا أحل حراما أو حرم حلالا
“Мусулмонлар томонидан келишилган барча шартларга риоя қилинади, илло, ҳаромга рухсат берувчи ёки ҳалолни тақиқловчи шарт бундан мустасно” деган тамойилга мувофиқ шериклар шерикчиликнинг аввалида муайян давр оралиғида шартномани бекор қилмасликка келишиб олишлари мумкин, дейди.
Муфтий Такий Усмоний Ислом молиясига кириш асарида ўзининг бош ғояси, яъни фоизга асосланган анъанавий молияга муқобил бўлган ислом молиясидаги энг афзал молиялаштириш инструментлари бу мушорака ва музораба эканини олға суради. Чунки бунда банк ва тадбиркор ўртасида фойда ҳам, зарар ҳам олдиндан келишилган улуш нисбатларида тақсимланади.
Салам ва истисна ҳам молиялаштириш воситаси сифатида етарли даражада аҳамият касб этади, зеро буларда банк тадбиркор лойиҳасига керакли маблағларни ажратади ва реал активлар бунёд бўлишига ҳисса қўшади. Аммо, муробаҳа ва ижара ҳақиқий молиялаштириш воситаси бўлолмайди, улардан фақат мушорака, музораба, салам ва истисналарни қўллашнинг иложи бўлмаганда, ислом молия тизими тараққиётининг ўтиш давридагина молиялаштириш мақсадларида фойдаланса бўлади. Улар фоиздан қутулиш учун чиқарилган чоралар, холос, ислом иқтисодиётининг мақсадларини амалга оширишда идеал инструмент бўлолмайди, дейди муаллиф.
Муфтий Тақий Усмоний китобнинг сўнгги уч бобини исломий инвестицион фондлар, масъулияти чекланганлик тамойили (исломда юридик шахс тушунчаси) ва ислом банклари фаолияти ва уларнинг ҳозирги аҳволи тўғрисидаги мавзуларга бағишлайди. Ўқувчи бу бобларда ҳам ислом молиясига тегишли жуда фойдали маълумотларни учратади, айниқса, бугунги кунда акциялар савдоси, трейдерлик, фонд биржаларида инвестиция қилиш каби мавзуларга қизиқувчилар керакли билимларга эга бўлишади.
"Замонавий молиявий масалаларга бағишланган фиқҳий асарлар таҳлили"
Мақоладан иқтибос, муаллиф - Алижон Равшанов.