«Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси»нинг танловини кўплаб ижодкорлар кутган эди. Ёзувчи, шоирга бир муддат грант ажратилади, шу давр мобайнида у тирикчилик ташвиши билан чалғимай роману достон ёзади, деган ёқимли хабарлар кезинганди. Аммо низом билан яқиндан танишгач, ижодкорни росмана қўллаб-қувватлайдиган бандни учратмадим. Бу Низомни адабий жараёндан узоқ кишилар тузгандек таассурот қолди.
Бугунги ўзбек китоб бозорида ва адабий муҳитида ижодкорни қўллаб-қувватлаш табиий равишда ўсиб бормоқда. «Излам» ва «Акс» каби лойиҳалар нашриётлар ташаббуси билан шундоғам ёшларнинг китобларини чиқариб, қалам ҳақи тўлаб келмоқда. Ёзувчилар уюшмасининг «Биринчи китобим» кўп йиллик ва анча салмоқли лойиҳа. 10 000 нусха адад ва унга тўланадиган гонорар - бу ёш ижодкор учун моддий ва маънавий кўмакдир. 1 000 нусха ва 100 та китоб берадиган янги танлов буларнинг олдида жўн кўринмоқда. Ҳозир иқтидорли ёшлар учун ҳомий топиш ёки нашриёт билан келишиш муаммо эмас. «Қанот» лойиҳасининг кўнгилли ҳомийси ҳам бир қанча ижодкорларнинг китобини чиқариб, тақдимотини ўтказиб берди. Ўнлаб нашриётлар бозор талаб қиладиган асарни ўзлари излаб юришибди. Шунингдек, «Банк ва маърифат» лойиҳасидаги «Чиғаноқ»да ҳам ёзувчию шоирларнинг янги асарлари бирин-кетин чиқиб турибди (муаллифга 400 та китоби берилмоқда).
Хўш, шундай қайноқ адабий жараёнда ярқ этиб кўзга ташланиши керак бўлган бу янги танловнинг афзаллиги нимада унда? Давлат ҳисобидан бепул китоб чиқишими? Аммо бепул сўзи ижодкор учун аллақачон жозибасини йўқотган. Профессионал муаллиф бепул нашрга муҳтож эмас, у юқори гонорарга муносиб. Бу танловнинг энг катта камчилиги унинг конкрет мақсадсизлиги. У на янги номларни кашф қилишда хусусий лойиҳалар билан рақобатлаша олади, на адад ва гонорар масаласида бошқа лойиҳалар билан тенглаша олади. Натижада, бундай танловлар шунчаки жамғарма фаолият кўрсатяпти деган ҳисобот учун хизмат қиладиган лойиҳа бўлиб қолиш хавфи остида. Ижодкорлар эса бундай имкониятдан кўра, ўз устида ишлаб, бозорда ўрнига эга бўлган нашриётлар билан ишлашни афзал кўраётгани сир эмас.
Ғолибларга ваъда қилинаётган асосий мукофот - асарнинг 1 000 нусхада давлат ҳисобидан босиб чиқарилиши. Бугунги рақамли технологиялар ва ўзини-ўзи нашр этиш ривожланган даврда 1 000 нусхалик тираж ҳеч қандай катта воқелик эмас. Энг ачинарлиси, муаллифга ўз меҳнати маҳсули бўлган китобнинг 10 фоизи (100 таси) совға қилинишидир. Ҳақиқий қўллаб-қувватлаш ижодкорга вақт ва имконият беришдан бошланади. Дунё тажрибасида нуфузли жамғармалар ижодкорга грант ажратади. Нега? Чунки грант ёзувчига рўзғор ташвишидан холи бўлиб, бир йил давомида фақат янги асар устида ишлаш имконини беради. У ижодкорнинг салоҳиятига тикилган сармоядир. Танлов низомида эса «грант – ёш ёзувчиларга ижодий асарини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш учун жамғарма ҳисобидан ажратиладиган маблағ», дейилган. Демак, грант муаллифга эмас, китобни чоп этиш учун нашриётга ажратиладими? Бу ижодкорни рағбатлантириш эмас, балки тайёр асарни қўлга киритишга ўхшаб қолади. Агар Низомни нотўғри тушунган бўлсагу аслида грант маблағи ижодкорга берилиши кўзда тутилган бўлса, буни батафсил очиқлаш лозим. 31 ёшгача бўлган, лекин аллақачон китоблари чиққан бўлиши керак бўлган муаллифларни қидириш - бу сунъий чегара. Адабиётда ёш тушунчаси нисбий. Бизга ёш ижодкор эмас, яхши ижодкор керак. Катта гонорар ёки муаллифга грант тизими бўлса, 20 ёшли истеъдод ҳам, 40 ёшли профессионал ҳам асари устида қаттиқ ишлашга мажбур бўлади.
Агар мақсад ҳақиқатан ҳам китобхонликни ривожлантириш бўлса, давлат ва жамғармалар китоб босиш заводига айланмаслиги керак. Улар ижодкорнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлайдиган грантлар бериши, асарларни тарғиб қилишнинг замонавий механизмларини яратиши лозим. Китобни совға қилиш эмас, муаллифлик меҳнатини муносиб сотиб олиш вақти келди. Акс ҳолда, адабиётимиз «тавсиянома» ва «бепул нашрлар» қуршовида, жаҳон даражасига чиқолмай қолаверади.