Бошинга бир мусибат келдими?
Аллоҳдан бирор истагинг борми?
Дуоларинг ижобат бўлмоғини хоҳлайсанми?
Нажот кечикяптими?
Шошилма!
Аввал инсонларга ҳолис, чин кўнгилдан яхшилик қил, инсонларнинг мушкулини осон қил сўнгра Аллоҳга дуо қил.
Эсла, Мусо алайҳиссалом оч эдилар, чорасиз эдилар, ёлғиз эдилар, юртларидан узоқда, қаерга боришни билмас эдилар, катта имтиҳонни эшигида эдилар, золим қавмдан қочиб, Мисрдан Мадянга келган, ҳеч кимни танимас-билмас эдилар. Унинг устига қаттиқ чарчаган эдилар.
Шу ҳолларида ҳам, иффатини асраш учун эркакларга аралашмай, бир четда турган икки ожизани кўриб, эркаклик ҳамиятлари ва ҳимматлари қўзиб кетти ва икки заифа қизнинг қўйларини суғориб бердилар.
Ҳолис қилинган яхшиликни ортидан эса дарахт соясига ўтириб қуръондаги энг гўзал дуолардан бири ила Аллоҳга дуо қилдилар:
رَبِّ إِنِّي لِمَا أَنْزَلْتَ إِلَيَّ مِنْ خَيْرٍ فَقِيرٌ
“Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман”,
(Қасос сураси 24 оят)
Мусо алайҳиссалом Роббим мени уйлантир демадилар ёки Роббим мени тўйдир демадилар ёки Роббим менга бошпана бер демадилар.
Фақатгина, Мен Сендан келадиган ҳамма яхшиликка зорман, муҳтожман дедилар ва Аллоҳ биргина никоҳ сабаб у кишини хайрларга кўмди.
Нажот кечикмади уйландилар.
Ақлли, иффатли, фаросат соҳибаси жуфтга эришдилар.
Бошпаналари бўлди.
Қорнилари тўйди.
Ишли ҳам бўлдилар.
Золим қавмдан ҳам қутилдилар.
Банданинг Аллоҳга энг яқин, энг суюкли ҳолати, Аллоҳга муҳтожлигини, У Зотдан бошқа суянадигани, сўрайдигани йўқлигини қалбан ҳис қилган синиқ, ҳақир ҳолатидир.
Биргина дуо ила бир неча яхшиликларни берадиган Зот, сенинг ҳолингдан ҳам хабардор.
Оғринма, шараф ила, ҳолис Аллоҳ учун инсонларнинг мушкулини осон, ҳожатини равон қил-ки, Аллоҳ ҳам сенинг мушкулингни осон ва равон қилсин.
Сўнгра тўхтамасдан дуо қил:
“Роббим Сендан келадиган ҳар қандай хайрга муҳтожман.”
Осиё Абдулазим қизи
🥀