Инсонлар ўртасидаги ҳар қандай муносабат учта асосий тамойил устига қурилади: адл (адолат), фазл ва зулм.
Бу уч тамойил кўринмас мезон бўлиб, ҳар бир муомала, ҳар бир сўз ва ҳар бир муносабат шу мезон орқали баҳоланади. Кимдир уни сақлайди, кимдир бузади. Натижа шунга кўра бўлади.
1. Адл.
Адл — мувозанат ва чегарадир.
Адл — ҳар кимга ўз ҳақини муносиб бериш ва чегарани бузмасликдир.
Адл инсон муносабатларининг асосий устуни ҳисобланади. У бўлмаса, жамиятда тартиб ва ишонч йўқолади.
Адлнинг кўринишлари оддий:
Сизга ёмонлик қилинмаса, сиз ҳам ёмонлик қилмайсиз.
Сизга хизмат кўрсатилса, унинг ҳақини хизматига яраша берасиз.
Сизга ҳурмат кўрсатилса, жавобан ҳурмат кўрсатасиз.
Адл ҳис-туйғуга эмас, тартиб ва мувозанатга суянади. Шунинг учун у жамиятни ушлаб турувчи мустаҳкам устундир.
Лекин адлнинг ўзи етарли эмас. Чунки у мувозанатни сақласа ҳам, лекин қалбларни ўзаро боғламайди.
2. Фазл.
Фазл — бағрикенглик ва яхшиликни ортиғи билан қилиш. Фазл адлдан ошириб, кўнгилли равишда яхшилик қилишдир. Фазл инсонни қоидалар доирасидан мурувват, оилижаноблик кенглигига олиб киради.
Фазл шундай намоён бўлади:
Сизга ёмонлик қилганни кечирасиз.
Сизга кам берганга сиз кўпроқ берасиз.
Сизга совуқ муносабат кўрсатганга сиз илиқлик билан жавоб қайтарасиз.
Адл муносабатни сақлашга хизмат қилса, фазл унга руҳ беради, уни гўзаллаштиради.
Фазл бўлмаган жойда ҳам муносабат тўғри бўлиши мумкин, лекин у муносабат совуқ ва ҳиссиз бўлади.
3. Зулм
Зулм — чегаранинг бузилиши.
Зулм бировга ўз ҳақини бермаслик ёки ўзганинг ҳақини тортиб олишдир. Зулм муносабатларнинг энг оғир бузилиши ҳисобланади.
У турли кўринишларда намоён бўлади:
Ҳақни бермаслик.
Ортиқча талаб қўйиш.
Куч, босим ёки ҳийла орқали устунлик қилиш.
Зулм бор жойда ишонч сўнади, муҳаббат эса аста-секин йўқолади. У ташқи жиҳатдан яшаш мумкин бўлган, аммо ички жиҳатдан ўлик муносабатни яратади.
Оила шу уч тамойил энг тез ва аниқ намоён бўладиган макондир.
Агар оилада фақат адл бўлса, муносабатлар тўғри, лекин совуқ бўлади. Ҳамма нарса ҳисоб-китобли бўлади.
Агар оилада фазл бўлса, кечириш, тушуниш, меҳр ва мурувват пайдо бўлади. Уйга руҳ ва илиқлик кириб келади.
Агар оилада зулм бўлса, оғир сукунат ўрнашади, кўнгил совийди, ҳислар узилади, бир уйда яшаб туриб ҳам инсонлар бир-биридан узоқлашиб кетади.
Шуларни қисқа қилиб айтадиган бўлсак:
Адл — тартиб.
Фазл — муҳаббат.
Зулм — бузилиш.
Идеал муносабат истаган оила адлдан пастга тушмайди, фазлга интилади ва зулмдан йироқ бўлади.