Ҳангома
Қор ёғарди бўралаб,
Қолишмасди довулдан.
Тўйга айтиб кетишди
Шундоқ қўшни овулдан.
Йўлга чиқди икки чол,
Тўйга бориш қарз бешак.
Бирови отга минди,
Бирови минди эшак.
Қор-чи, ҳамон ёғарди,
Ёғар эди гупиллаб.
Йўлни эшак бошлади,
От эргашди лўкиллаб.
Гапга тушди икки чол,
Суҳбат у ёқ-бу ёқдан.
Ўтган-кетган, баланд-паст,
Гоҳ калла, гоҳ туёқдан.
Суҳбат деган соз нарса,
Қолмасанг бас сургашиб.
Йўрғалар эшак ҳамон,
От боради эргашиб.
Аста-секин кун қайтар,
Уфқларда ўчган ранг.
Қор оралаб қайдадир
Бир юлдуз чақнар аранг.
Чоллар-чи, ҳамон йўлда,
Суҳбат ўша-ўшайди.
Бири деди: — Оқсоқол,
Кун ботганга ўхшайди.
Йўғ-э, уста, — дер бири—
Кўздан қолибсиз буткул.
Тўрт чақирим овулга
Наҳот юрсак бир кун йўл.
Аммо бу гап рост эди.
Юлдузлар чақнар бот-бот,
Олдинда эшак борар,
Орқада лўкиллар от.
Овулдан-чи, дарак йўқ,
Оппоқ эди қир-қия,
“Адашиб кетдикмикан,
Куппа-кундуз куни-я?
Гап босдими ё ғафлат,
Тавба, бу қандоқ ўйин?”
Қор тинди-ю, чолларнинг
Ичига кирди қуюн.
— Қора қишда тўй қилмай,
Баттар бўлгур нокас, гов.
Баччағарнинг аслида,
Феъли совуқ эди-ёв.
Қайдадир чўзиб-чўзиб
Увлаб қолди-ку қашқир,
Ким ҳам, айтинг, бундоқ чоқ
Ташвишга тушмас ахир?
Хусусан, кексайганда
Хафа бўлиб кетасан.
Айтайлик, ўша қашқир
Ғажиб кетса нетасан?
Қора совуқ тиш қайраб
Қовурғани эзарди.
Кенг сайҳонда икки чол
Йўл ахтариб кезарди.
Йўл қаёқда, тўрт тараф
Қалин, оппоқ қор эди.
Энг баттари — совуқда
Жон сақлаш душвор эди.
Қайтай деса изига,
Белги ҳам йўқ, из ҳам йўқ.
Қалтирайди икки чол,
Таскин ҳам йўқ, сўз ҳам йўқ.
Не бўлса ҳам топширдик
Яратганнинг ўзига!
Таваккал деб, от бошин
Қайирдилар изига.
Пешонада борини
Кўрар инсон деган зот.
Йўл солдилар қайгадир,
От бошин қўйиб озод.
Бир кор-ҳол бўлмай энди,
Уйни топиб борсак бас, —
Сургалади от ҳорғин,
Орқада эшак бесас.
То тонггача икки чол
Юрди, турди, суринди.
Узоқларда бир маҳал
Қора нарса кўринди.
Бўғоти бор, ҳайтовур,
Ўхшаб турар қишлоққа.
“Худога минг шукр”, деб
Юрдилар ўша ёққа.
Туман ичра дов-дарахт,
Турар эди ялтираб.
Тонгга яқин қишлоққа
Киришдилар қалтираб.
Тугаганди бардош ҳам,
Тугаганди бор сабот.
Етмай бир дарвозага
Тўхтаб қолди шўрлик от.
Жой сўрайлик, нарёғи
Бир гап бўлар, оқсоқол.
Қамчин билан тақа-туқ,
Дарвозани қоқди чол.
Изғирин-чи, изғирин,
Еру кўкда ҳорғин тус.
Бир кампир чиқди шу тоб,
Қўлида хира фонус.
Сўз бошлади чол титраб,
Ҳалқумига келиб жон:
Бир кечага бизларга
Жой берсангиз, янгажон.
Қора қуюн чарх уриб
Кўз олдини тутарди.
Кампир келиб яқинроқ
Фонусини кўтарди.
Ҳой, сенми бу, ер юткур,
Имонингдан кечдингми?
Алжирайсан ё тўйда
Ароқ-пароқ ичдингми?
Алқисса шу: от йўлни
Уй томон бурган экан.
Чол-чи, ўз кампиридан
Жой сўраб турган экан.
Абдулла Орипов
1972