ЖАМОАТ НАМОЗИ ҲАҚИДА ВАЪЗ
Аллоҳ таоло Каломуллоҳда марҳамат қилади:
«Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин» (Тавба сураси, 18-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Жамоат билан ўқилган намознинг савоби ёлғиз ўқилганникидан йигирма етти баробар савоби кўп” (Имом Бухорий ривояти).
Намознинг савоби жуда улуғ. Намозхон ташаҳҳудга ўтирганда: “...бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин”, дейди. Бунинг савоби Одам алайҳиссаломдан то бугунги кунгача ўтган барча солиҳ мўминларнинг руҳларига етиб боради. Намозни тарк қилган киши нафақат мана шу эзгуликдан бебаҳра қолади, айни пайтда марҳум барча мўминларни ҳам бебаҳра қолдиради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«яхшиликни ман этувчи (бахил), тажовузкор, гуноҳкор» (Қалам сураси, 12-оят).
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом айтдилар:
«Агар масжид билан аҳдлашган (юз ўгирган) кишини кўрсангиз, унга имон билан гувоҳлик беринг. Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин”» (Тавба сураси, 18-оят), деб марҳамат қилган (Имом Термизий ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтади: «Бану Салама қабиласи уйлари масжиддан узоқлигидан шикоят қилишди. Аллоҳ таоло “...уларнинг (ўлимидан олдин) юборган амалларини ҳамда (қолдирган) асоратларини (оммага фойдали ёки зарарли ишларини) ёзиб қўюрмиз” (Ёсин сураси, 12-оят)ни нозил қилди.
Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Бани Салама қабиласи масжидга яқин жойга кўчиш ҳаракатида эканликларини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинанинг бўшаб қолишини ёмон кўриб бундай дедилар:
“Эй Бани Салама қабиласи, (масжид йўлида) изларингиз қолишини ўйламайсизларми?! Жойингизда қолинг”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
“Жамоат билан ўқилган намознинг савоби ёлғиз ўқилганникидан йигирма етти баробар савоби кўп” (Имом Бухорий ривояти), деган ҳадисга биноан, жамоат намозининг савоби жуда улуғдир.
Ривоят қилинишича, қиёмат куни Аллоҳ таоло бир қавмни тирилтиради. Уларнинг юзлари худди юлдузлардек чарақлаб туради. Уларга фаришталар: “Сизларнинг амалларингиз нима эди?” деб сўрашади. Улар: “Азон айтилса, таҳоратга шошар эди”, дейишади. Яна бир қавмнинг юзлари ойдек порлаб туради. Уларга ҳам шу савол берилганида: “Биз азондан аввал таҳорат қилар эдик”, дейишади. Яна бир қавм қуёшдек зиё таратиб туради. Уларга ҳам шу савол берилганида: “Биз азонни масжидда эшитар эдик”, дейишади.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Инсонлар орасида намоздан улуғ савоб оладиган киши шуки, узоқдан (масжидга) келадиган, (масжидда) намоз (вақти киришини) кутиб, имом билан бирга намоз ўқийдиган кишининг ажри (уйда) намоз ўқиб сўнгра ухлайдиганникидан улуғдир”, (Имом Бухорий ривояти).
Машойихларнинг айтишича, кимки беш вақт намозни масжидда жамоат билан ўқиса, Аллоҳ таоло унга беш нарсани беради: 1) дунёда фақирлик кўрмайди; 2) қабр азобидан омонда бўлади; 3) номаи аъмоли ўнг томонидан берилади; 4) яшин тезлигида сирот кўпригидан ўтади; 5) жаннатга киради.
«Эй Раббим! Мени ва зурриётимдан (кўп фарзандларимни) намозни баркамол адо этувчи қилгин! Эй Раббимиз! Дуоимни қабул эт!» (Иброҳим сураси, 40-оят).
“Мусулмон учун 30 ваъз” китобидан.
••• ┈ •• ┈• ❁ ✿ ❁ •┈ •• ┈ •••
👉 Дўстларга ҳам улашинг ⤵️
🔄