⚡️Кўчириш номи остида қирилган дарахтлар
Пойтахтда яна бир бор табиатга муносабатимиз қандай эканини очиб берувчи ҳолат юзага чиқди. Шайхонтоҳур туманида 100 дан ортиқ дарахт ноқонуний кўчириб ўтқазилган. Ва натижа кутилганидек эмас (аниқроғи кутилганидек), уларнинг қарийб барчаси қуриб қолган. Бундай режалаштирилмаган, масъулиятсиз ва оқибатини ўйламай қилинган қарор оқибатида 108 туп дарахтдан 107 таси йўқ қилинган, яъни ўсиб турган дарахтни қўчириб қуритишган. Арчалар ва Элдор қарағайлари бир неча кунлик лойиҳа қурбонига айланди.
Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабарига кўра, тумандаги “Юнона” маҳалласи Абу Али ибн Сино кўчасида жойлашган ёпиқ коллектор ҳудуди ўрганилганда жами 108 туп дарахт ноқонуний кўчирилгани аниқланган. Уларнинг 107 таси, жумладан, 12 туп можжевелник (арча) ва 95 туп Элдор қарағайи қуриб қолган.
Қўмитага кўра, ушбу дарахтларни кўчириш бўйича аввал Тошкент шаҳар экология бош бошқармасига мурожаат қилинган ва рад жавоби берилган. Шунга қарамай, дарахтлар ноқонуний тарзда кўчириб ўтқазилган.
Бунинг оқибатида табиатга 881 миллион 268 минг сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисоблаб чиқилди. Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш учун тайёрланаётгани айтилган.
Аввалроқ Тошкент вилояти Оҳангарон туманида 100 дан ортиқ кўп йиллик дарахт ва буталар ноқонуний кесилгани оқибатида табиатга қарийб 1,5 миллиард сўм зарар етказилгани, дарахтларнинг илдиз қисми ҳам қўпориб ташланиб, кўмиб юборилгани хабар қилинган эди.
Энг жиддий жиҳат шундаки, бу ишлар қонунга қарши равишда қилинган онгли ҳаракат. Саволлар кўп, бу қарорни ким қабул қилди? Ким бу ишни назорат қилди? Нега рад жавобидан кейин ҳам жараён тўхтатилмади? Энг муҳими, энди бу ҳолатга ким жавоб беради? Одатдагидек, кичик балиқлар тўрга тушиб, асосий жавобгарлар четда қолаверадими ёки бу сафар, ҳеч бўлмаганда ҳукуматнинг энг юқори органлари, хусусан президент эътибор қаратгани, қарор ва мораторийлар ҳисобга олиниб, асосий айбдор топиладими?
Айтиш лозимки, муаммо тасодифий эмас, у тизимли. Ва тизимли муаммоларни фақат жарима ёки расмий баёнотлар билан ҳал қилиб бўлмайди. Бизда кўпинча “ободонлаштириш” дейилганида, асфальт қилиш, янги бинолар қуриш, эскисини таъмирлаш кабилар тушунилади. Аммо, агар бу жараёнда табиат йўқ қилинаётган бўлса, бу тараққиёт эмас, бу ўз қўлимиз билан ўз муҳитимизни вайрон қилишдир.
Энг хавфлиси, бундай ҳолатларга нисбатан жамиятнинг секин-аста кўникиб бораётганидир. Ҳар сафар “яна дарахт кесилди”, “яна қуриб қолди” деган хабарларга бир ёниб, кейин тезда унутиб юборяпмиз. Аммо табиат унутмайди. У ўз жавобини иссиқ ҳаво, ифлос табиат ва соғлиқ муаммолари орқали қайтаради.
⚡️⚡️⚡️⚡️⚡️⚡️⚡️⚡️
хабарлар ва янгиликлар каналига аъзо бўлинг!
Бизнинг саҳифаларимиз
👇👇👇👇👇👇👇👇👇👇👇
🌐 http://www.zarafshon24.uz/ 📷
https://instagram.com/zarafshon24uz?igshid=OGQ5ZDc2ODk2ZA== 🎞
https://youtube.com/@Zarafshon24