Мубашшир Аҳмаднинг судида қатнашдим.
Оиласи, болалари, яқин қариндошлари, мухлислари, уч-тўрт ОАВ журналистлари келишди.
Суд бўлмади ҳисоб.
Битта қораловчи (пуркурор) гапирди. Тамом. Маҳкама раиси: "Гувоҳлар келганми?" деб сўраган эди, котиби: "Йўқ, келишмади", дейиши билан раис: "Гувоҳлар келмаган бўлса, 8 сентабиргача танаффус эълон қиламан", дедию зинадан тушиб, орқа эшикдан чиқиб кетди. Тарқалдик.
Судга келганлар нималарга гувоҳ бўлдик?
Қораловчи (пуркурор) савод масаласида жичча қийналди. Худди бировлар ёзиб берган матнни ўқиб бераётгандай, тутилиб-тутилиб, кўп хатолар билан зўрғалатдан ўқиди. Балки шу камчилигини яшириш учундир, жуда паст товушда ўқиди. Шу ёзганларига ўзи ишонса, дадил-дадил ўқимайдими, деб мен бу ёқда жоним ҳалак.
Судя Мубашшир Аҳмаддан айбнома билан танишиб чиққан-чиқмаганини сўраганидан кейин: "Бу ерда сизга қўйилган айбларни тан оласизми?" деб сўраган эди, Мубашшир домла: "ДИҚ дан рухсат олинмасдан чиқарилган материаллар бўйича қисмини тан оламан, қолганларини (яъни, жуда кўпини) тан олмайман!" деди.
Гувоҳ бўлганим иккинчи ҳодиса шуки, агар қораловчининг оғзидан чиқса, "Ота-онани ҳурмат қилишга чақиради", деган гап ҳам террорчининг бир белгиси бўлиб туюлаверар экан. Даҳшат! Ярим соатча айбловномани ўқиди, санаган "далил"ларини эшитиб қўрқиб кетдим: тескари ёққа бурса, кундалик ҳаётда гапириб юрган оддий гапларимизнинг ҳам 50-60 фоизи... Оллоҳ сақласин.
Мени яна ажаблантирган нарса:
Мубашшир Аҳмад 20 йилдан ошиқ таълим берган Олий маъҳаддан бир кимса келмади!
Охирги тўрт-беш йилдан бошқа бутун умрини бағишлаган Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан бир кимса келмади!
Жонажон ўртоқларидан бир кимсага кўзим тушмади!
Лоақал устозларининг кўнглини кўтариш учун бўлса ҳам биронта шогирди судга келмади!
Балки 8 сентабир куни келишар, билмадим.
Nurulloh Muhammad Raufxon ©️
👉