ЖАННАТ АҲЛИНИНГ АЛЛОҲ ТАОЛОНИ КЎРИШИ ЭНГ КАТТА НЕЪМАТ ЭКАНИ ҲАҚИДА
Суҳайбдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳли жаннатга киргач, Аллоҳ таборака ва таоло: "Сизларга яна бир нарсани зиёда қилишимни хоҳлайсизларми?" деб сўрайди. Улар: "Юзимизни ёруғ қилмадингми? Жаннатга киргизмадингми? Бизга дўзахдан нажот бермадингми?" дейишади. Шунда парда очилади, бас, уларга Парвардигорлари азза ва жаллани кўришдан ҳам суюклироқ бирор нарса берилмайди".
(Бошқа ривоятда: "Сўнг ушбу: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир" (Юнус, 26), оятини ўқидилар", дейилади.) (Муслим ривояти).
Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
"Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир" ояти ҳақида сўрашди. Шунда у зот айтдилар: "Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киргач, нидо қилгувчи: "Эй аҳли жаннат, сизлар учун Аллоҳнинг ҳузурида ваъда бор, уни сизларга тўлиқ қилиб бермоқчи", деб нидо қилади. Улар: "Юзларимизни ёруғ, мезонимизни оғир қилмадими, дўзахдан бизга нажот бермадими?" дейишади. Шунда парда очилади ва Унга қарашади". Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло уларга Ўзининг юзига қарашдан ҳам суюклироқ, кўзларига қувончлироқ нарса бермади".
Абу Довуд Таёлисий ҳам бу ҳадисни тахриж қилган: Суҳайб розийаллоҳу анҳу айтадилар:
Насоий ривояти.
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир", оятини тиловат қилиб дедилар: "Жаннат аҳли жаннатга кирса, нидо қилгувчи: "Эй аҳли жаннат, сизлар учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида ваъда бор", деб нидо қилади. Улар: "У нима экан? Дарҳақиқат, юзимизни ёруғ, мезонимизни оғир қилиб, бизни жаннатга киргизди-ку?" дейишади. Бу уларга уч марта айтилади. Сўнг Аллоҳ таборака ва таоло уларга тажаллий қилади, бас, улар Унга қарайдилар. Бу нарса уларнинг ҳузурида берилган нарсаларнинг энг улуғи бўлади".