Т А С К И Н
Марҳум шоир Муҳаммад ЮСУФнинг онаси Энахон ая тилидан марсия.
(Бу шеър ёзилган пайтда шоирнинг онаизори ҳаёт эдилар. Илоҳим, ҳар иккисининг ҳам охиратлари обод бўлсин).
Юрагим бир хатар сезди,
Не бўлганин уқолмадим.
Кўз олдимдан ўтди тезда -
Шоир болам - Муҳаммадим.
Қўлни очдим дуоларга:
Сафарини бехатар қил!
Қорақалпоқ диёрига -
Кетган эди болам, ахир.
Онаизор кўнглим билан,
Хавотирда ёнар эдим.
Бу дунёнинг ғамларидан -
Тонар эдим, тонар эдим.
* * *
Бу хабарни тинглагунча,
Кар бўлсин-а, қулоқларим!
Ё Раб, меҳринг қаттиқ бунча?
Кўпми эди гуноҳларим ?!
Осмон қулаб ерга тушди,
Унда қуёш, ой қолмади.
Жимирлаган жонгинамни -
Қўярга бир жой қолмади.
Қариганда бу бошимга,
Не кунларни солдинг, болам?!
Мендан олдин кетмоқликка -
Кимдан рухсат олдинг, болам?!
* * *
О, бу дардни кўтармоқнинг -
Уддасини қилолмайман.
Юрак кўз ёш бўлиб оқди,
Не қилишни билолмайман.
Сен улғайган бешикка ҳам,
Ҳасратимни айтолмайман.
Чиқолмайман эшикка ҳам,
Чиқар бўлсам, қайтолмайман.
Минг-мингларни мусибатга,
Отиб кетдинг, Муҳаммаджон!
Қуёш эдинг, қай зулматга -
Ботиб кетдинг, Муҳаммаджон?!
* * *
Шоирларнинг онасига
Қийин дердинг, қийин дердинг.
Юр, Тошкентга олиб кетай -
Кийин дердинг, кийин дердинг.
Менга атаб ёзган шеъринг,
Кўп экан-ку сочимдан ҳам.
Бу фожени сезармидинг,
Болажоним, ё чиндан ҳам?!
... Балки менинг ёнимдасан,
Кириб келиб деразадан.
Қара, болам!
Шоирларнинг -
Онаси ҳам шеър ёзаркан...
* * *
Ҳар бир ота, ҳар бир она
Ортда қолсин болам, деркан.
Бахти бахтимдан нишона,
Доғи менга ҳаром, деркан.
Не қилайки, тақдир мени,
Таҳқирларга солиб қўйди.
Мени сендан ...
о, қанийди!
Сени мендан олиб қўйди.
Энди кўрган куним қурсин,
Ўкинарман қисматимдан.
Оқ сутимга розиман мен,
Сен рози бўл хизматингга...
* * *
Онамга, деб харид қилган,
Рўмолингни ўролмайман.
Юролмайман йиғламасдан,
Йиғламасдан туролмайман.
Умид билан қўйган номни,
Болажоним, оқлаб кетдинг.
Ва умримнинг ҳар дамини
Ёдинг билан боғлаб кетдинг.
Юракдадир дуоларим,
Ўкинч, афсус - овозимда.
Муҳаммадим, дуч келасан -
Ҳатто...
беш вақт намозимда.
* * *
“Ўнта бўлса, ўрни бошқа...”
Бўшаб қолди ўрнинг, болам.
Кўксим туриб, қайси тошга -
Бошгинангни урдинг, болам?!
Тошкентнинг тош йўлагидан,
Тополмадим изларингни.
Бўйин кўриб...
тўйин кўрмай -
Кетдингми гул қизларингни?!
Халқ дилида қолди сўзинг,
Эмас китоб вароғида.
Муҳаммаджон, порлар кўзинг -
Фарзандларинг қароғида.
* * *
Менга ёзган ҳар хатингдан,
Меҳринг қўмсаб, излаяпман.
Кулиб тушган суратингдан,
Йиғлаб, кўзим узмаяпман.
Алам ўти куйдиради,
Ер қайтарар муштларимни.
Наҳот энди тўлдиради -
Армонларим тушларимни?!
Ишонмайман!
Бу дунёдан -
Шунчаки юз бургандайсан.
Назаримда Тошкентларда -
Шеърлар ёзиб юргандайсан!
2001 йил 1 декабрь
Ориф Тўхташ